Янгиликлар
Устувор вазифалар белгиланди
Қашқадарё вилояти фаолларининг жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 январдаги мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилишига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев бошқарган йиғилишда иқтисодий ўсишнинг юқори ва барқарор суръатларини таъминлаш, фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини изчил ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,2 фоизни ташкил этди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7 фоиз, халқ истеъмоли моллари ҳажми 16,3, капитал қўйилмалар 12, пудрат ишлари 12,8, чакана савдо айланмаси 14,9, пуллик хизмат кўрсатиш 15,7, жами хизматлар 16,5, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 6,3 фоизга ўсди.
Ярим йилликда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 1523,9 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112 фоизни ташкил этди. Корхоналарни модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш ҳисобидан 1 минг 465 янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 47 минг 370 дан ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 198,2 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Амалга оширилган ишлар натижасида кичик бизнес корхоналарининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 44,2 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 14 минг 798 янги иш ўрни яратилди.
Йиғилишда “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Шу билан бирга, дастур ижросини таъминлашда шаҳар ва туман ҳокимликлари, бир қатор ташкилотлар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинди. Жумладан, Қарши, Нишон, Шаҳрисабз, Косон, Чироқчи ва Қамаши туманларида саноатни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётир. Миришкор, Касби, Чироқчи, Шаҳрисабз туманларида маҳаллий экспорт имкониятларидан фойдаланиш борасида қолоқликка йўл қўйилмоқда. Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Зокиров сўзга чиқди.