Янгиликлар
Юридик хизмат янги бинода
Истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шу ўринда, адлия органлари Давлат нотариал идораларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, уларни замонавий бинолар билан таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар фуқароларга нотариал харакатлар билан боғлиқ малакали юридик хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.
Адлия вазирлиги тизимига кирувчи ФҲДЁ ва Давлат нотариал идоралари моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича мўлжалланган Дастурга асосан, Ғузор туманида қарийб 538 миллион сўмдан ошиқроқ давлат маблағлари ҳисобига қурилган замонавий давлат нотариал идорасининг фойдаланишга топширилганлиги туман аҳолиси учун муносиб совға бўлди.
Бу ерда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш учун зарур барча шароитлар муҳайё этилган.
Тадбирда иштирок этганлар, соҳага давлат томонидан қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритдилар.
Шунингдек, тадбир қатнашчилари фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар юридик хизмат сифатини оширишга хизмат қилаётганлигини қайд этдилар.
Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик ва хавфсизлик, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бундай ислоҳотлар замирида энг аввало, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” деган ғоянинг ҳаётийлиги мужассам.
Ушбу тадбир барча иштирокчиларда мустақил диёримизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу амалларнинг узвий давоми сифатида чексиз шукроналик ва миннатдорлик ҳисларини уйғотди.