Янгиликлар
21
Хусусий мулкнинг ҳуқуқий кафолати
Қашқадарё вилоятида 16 минг 557 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Иш билан банд бўлган аҳолининг 77,9 фоизи шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар самарасида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 51,5 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришда 16,9 фоизга ўсди.
Кичик корхоналар томонидан 2008 йилда 339,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 1,1 триллион сўмни ташкил этди. Шунингдек, кичик корхоналар томонидан кейинги етти йилда қурилиш ишлари ҳажми 7,4, чакана савдо айланмаси 5,3, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 4,1 мартага ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 1 триллион 712 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Вилоятда ҳафтада бир марта ташкил этилаётган “Тадбиркорлар куни” тадбирларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилиб борилади. Тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлатимиз томонидан соҳани янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ҳар ойда бир марта ҳокимлар, банк, солиқ, назорат қилувчи идоралар, ер бериш, статистика ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳисобот бериш тартиби жорий этилгани ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.
Қаршида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида ўтказилган конференция-семинарда бу алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, соҳани ривожлантиришда галдаги вазифалар хусусида сўз юритилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва кафолатлари, хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини, янги қонунчилик меъёрлари амалиётга татбиқ этилишида суд органларининг ўрнини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларини қисқартириш, солиқ ва банк операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири М.Икромов, Қашқадарё вилояти прокурори С.Самадов ва бошқалар хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги ўрнини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириб бориш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар такомиллаштирилаётганини таъкидлади.
– Корхонамиз табиий мева шарбатлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди Китоб туманидаги “Севаз Андроникс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Бойқораев. – Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармони тадбиркорларга янги имкониятлар яратди. Хусусан, фармонни ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун биз, хусусий тадбиркорлар учун ўз бизнесимизни бехавотир юритиш, ўз мулкимизга ўзимиз эгалик қилишимиз учун муҳим кафолатларга эга бўлиш имконини берди. Илгари тадбиркор фаолиятига асоссиз аралашувлар ёки фаолиятини ноқонуний тўхтатиб қўйиш, ҳужжатларни расмийлаштиришга кетадиган вақт ва ортиқча харажатлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келардик. Энди бундай муаммолар қонун йўли билан бартараф этилди ва тадбиркор манфаати мустаҳкамланди.
Конференция-семинарда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.