Янгиликлар
Фермерлар учун ўқув-семинарлар
Қашқадарё вилоятида Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга бағишланган минтақавий ўқув-семинарлари бўлиб ўтмоқда.
Уларда туманлардаги қишлоқ хўжалиги корхоналарининг масъул ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўқув-семинар машғулотларида тажрибали олимлар ҳамда мутахассислар томонидан иштирокчиларга фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини кучайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларида замонавий технологиялар, жумладан, минитехнологияларни жорий этиш ҳисобига рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш, фермер хўжаликлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини автоматлаштириш, интернет тармоғидан фойдаланиш, интенсив боғларни барпо этиш ҳамда улардан сифатли ва мўл ҳосил олиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда.
– Тажрибали олим ва мутахассисларнинг қишлоқ хўжалиги ва фермерликни ривожлантиришга оид мавзулардаги маърузалари соҳа вакиллари учун ҳар томонлама фойдали бўлди, – дейди Косон тумани фермерлар кенгаши раиси, “Сўғдиёна” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Абдиев. – Бугунги давр замонавий фермердан нафақат деҳқончилик маданиятини пухта билишни, балки илм-фан ютуқларидан хабардор бўлиш ва самарали фойдаланишни ҳам талаб этмоқда.
Ўқув машғулотлари мавзуга оид слайдлар ва кўргазмалар ёрдамида олиб борилаётир. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволга батафсил жавоб олмоқда.