Кўнгли обод кексалар

Азал-азалдан кексаларимиз қариси бор уйнинг париси бор дейдилар, Бу мақолнинг қанчалар ҳаётий эканини яққол ҳис қилаяпман. Нуроний отахон ва онахонлар билан хонадонларимиз файзлидир.

Юртбошимиз томонидан 2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб аталиши барчани бирдек қувонтирди. Кексаларга янада эътибор кучайтирилди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш шу билан бирга, ёши улуғларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш, айниқса, уруш ва фронт ортида хизмат қилган меҳнат фахрийлари ҳаётини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар олдимизга қўйилди. Кексалар - уйимизнинг файзидир улар ўзини ўйлашмаса, ўйлашмайди, лекин фарзандим, набирам дея ёниб-куйишади.

Юртимиз нуронийлари том маънода хонадонларимизнинг кўрки, кўнгилларимизнинг юпанчи, ҳар бир ишда суянч, маслаҳатчимиз, тўғри йўл кўрсатувчиларимиз ҳисобланишади. Биронбир ишнинг бошини тутсак албатта кексаларнинг дуосини оламиз, чунки оқ фотиҳа олиб бошланган иш ҳамиша хосиятли бўлади. Кексаларнинг дуоси доимо инсонга саодат олиб келади. Ютуқларимиздан энг кўп севиниб, қувонадиган ҳам аввало кексаларимиз. Уларнинг ниятлари эзгу, хизматлари беминнат.

Айнан шунинг учун ҳам кексаликни иззат икром қилиш қадрият сифатида, қадрият бўлганда ҳам юксак маънавий мерос сифатида асрлардан бери яшаб келмоқда. Кексалар ҳақида сўз юритганда, боболаримизнинг бугунги ҳаётимиз, тинч-осойишта кунларимиз учун кечган захмати, фидойилиги, саъй-ҳаракатини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ҳаммамизни оқ ювиб, оқ тараган, муқаддас юртимизнинг ташвиши ва муаммоларини ўз елкасида кўтариб келаётган, хонадонларимизнинг файзи ва курки бўлган кекса авлод вакилларини ҳаётидан рози қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Шундай экан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда хаммамизнинг шарафли бурчимиздир.

Мухтасар қилиб айтганда, бой тарихимизнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф одатларимизни ёш авлодга етказишда ўзининг билим ва тажрибаси билан фидоийлик қилаётган кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эътиром кўрсатиш ва албатта кўнгли нозик кексаларимининг дуосини олиш ҳаммамизга насиб этсин.

Ғ.Худойқулов, Қарши шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш