Асраб олинган фарзанд парвариши учун ҳам оналик таътилига чиқиш мумкинми?

М.Ўринова, Касби тумани

Жавоб: 

Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 235-моддасига асосан, янги туғилган болаларни бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун, (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади. Бундан таш­қари, бундай шахсларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга тўлгунига қадар қўшимча таътиллар ҳам берилади.


Савол: Мен бола асраб олмоқчи эдим. Уни фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим?

С.Сафаров, Касби тумани

Жавоб: 

Адлия вазирлигининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”нинг 70-бандига асосан фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан кўчирма, фарзандликка олувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек, фарзандликка олувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади. Фарзандликка олувчилар икки ёки ундан кўп болани бир вақтда фарзандликка олган ҳолларда ҳар бир бола учун алоҳида суднинг ҳал қилув қарори тақдим этилади.

Саволларга Касби туман ФХДЁ бўлими мудираси Нилуфар Умарова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш