Мен уй-жойларни фарзандларимга васият қилиб қолдирмоқчиман.

Савол:  Нотариус томонидан васиятномани тасдиқлаш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз?

У.Соатов, Қарши шаҳри

Жавоб: “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби туғрисида”ги йўриқноманинг 173 бандига асосан васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятномани вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, ҳаттоки, васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро ҳам мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Савол: Қўшнимизнинг ҳеч кими йуқ эди, у вафот этганидан кейин унинг уйи эгасиз қолди. Бу ҳолатда уй-жойлари кимга қолади?

Ф.Каромова, Қарши шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига асосан агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.

Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан бир йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.

Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.

Савол: Ўтган йили отам вафот этдилар. Отамдан 2 та уй ва 1 та автотранспорт воситаси мерос бўлиб қолди. Биз 4 ака-укамиз отамдан қолган мулк қандай бўлинади. Меросни тақсимлаш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз?

П.Рахмонов,  Қарши тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1150-моддаларига асосан меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.

Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

Шунингдек, ушбу модданинг қоидалари барча мерос ёки унинг бир қисми меросхўрларга улушларда муайян мол-мулк кўрсатилмасдан васият қилинган ҳолларда меросни васиятнома бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимлашга нисбатан қўлланилади.

Саволларга Қарши шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси  Ғофур Худойқулов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш