Содир этган ҳуқуқбузарликларим учун ички ишлар ходимлари томонидан тўпланган материаллар билан танишиш ҳуқуқим борми?

Савол: 

Ш.Ражабов,  Қарши шаҳри

Жавоб: Ҳа, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”гиҚонуннинг 42-моддасига асосан, Ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар:

ўзига нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларининг асослари ва ҳуқуқий оқибатларини билишга, ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишишга, илтимослар қилишга, юридик ёрдам олишга ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.

Савол: Қўшнимиз ишсиз. Ҳозирги пайтда унинг хулқ-атвори, юриш-туриши ёмон томонга ўзгарган. Албатта бу ҳолат ён атрофдагиларга ҳам салбий таъсирини ўтказмоқда. Ушбу ҳолатда қонун доирасида уни қандай тартибга чақириш мумкин.

А.Рашидова, Қарши шаҳри

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”гиҚонуннинг 31-моддасига асосан, расмий огоҳлантириш шахсга унинг ғайриижтимоий хулқ-атворни давом эттиришига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида ёзма равишда тушунтиришдан, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсни ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиришдан иборат бўлади.

Расмий огоҳлантириш ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул бўлган мансабдор шахси томонидан чиқарилади ҳамда шахсга имзо қўйдириб эълон қилинади, у имзо қўйишдан бош тортган тақдирда эса, расмий огоҳлантиришга бу ҳақда ёзиб қўйилади.

Савол: Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги янги тахрирдаги Қонуни аввалги Қонундан фарқлари қандай?

У.Қодиров, Қарши шаҳри

Янги қонуннинг аввалги қонундан фарқлари қуйидагилардан иборат; Юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлари илгари қонун йўли билан тартибга солинмаган эди. Энди бу қонун билан мустаҳкамланади;

Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиш мумкин; (4-модда)

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалида қабул вақти ва жойи кўрсатилиши ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлиши шартлиги белгиланди. Бундай жадвал маъмурий бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилади. Қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинади ва ҳ.з.(8-модда)

Савол: Бузилган ҳуқуқларимни тиклаш мақсадида давлат идорасига мурожаат этиш талаблари ҳақида тушунтириш берсангиз?

Ф.Орипов, Қарши шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”гиҚонуннинг 6-моддасига асосан, Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Саволларга Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими Нилуфар Саттарова жавоб берди.  

Рўйҳатга қайтиш