Ёшим 17 да, ота-онамнинг ҳохишига кўра амакимнинг ўғлига мени келин қилиб ўзатишди.

Савол:  Аммо куёв тери таносил касаллиги билан касалланган экан ҳамда бу ҳақида ҳеч кимга билдирмаган, қайд этилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш мумкинми?

К.Асадова, Деҳқонобод тумани

Жавоб: Албатта, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 49-моддасига асосан сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;

никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этганда суд қарорига асосан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш мумкин.

Савол: Айрим сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашмоқчи эдим. Аммо хотиним хомиладор бўлганлиги сабабли суд томонидан никоҳдан ажратишмади. Шу тўғрими?

Ф.Полвонов,  Деҳқонобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 39-моддасига асосан хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

Савол: 10 йиллик никоҳимиз давомида фарзанд кўрмадик. Энди ўзаро розилигимиз асосида никоҳни бекор қилмоқчимиз. Бу борада қаерга мурожжат этсак бўлади?

П.Самадова, Деҳқонобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42-моддасига асосан Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Савол: Мен никоҳсиз фарзандли бўлдим. Ҳозирги пайтда мен жиноят содир этганлигим сабабли жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтамоқдаман. Шунингдек, фарзандимга туғилганлик гувоҳномасини олишим керак. Фарзандимга туғилганлик гувоҳномасини ўзимнинг иштирокимсиз олиш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз?

Ф.Қораева, Деҳқонобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғининг иловаси билан “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномасининг 54 ва 56 бандларига асосан туғилишни қайд этиш учун ёлғиз (қонуний никоҳда булмаган) она томонидан ФҲДЁ органига онанинг шахсини тасдиқловчи хужжат ва ёзма ариза тақдим этилади. Агар туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувини қайд этишда ёлғиз она шахсан иштирок этолмаган тақдирда онанинг аризадаги имзоси тиббий муассаса ёки жазони ижро этиш муассасаси мансабдор шахснинг имзоси ва ушбу муассасанинг гербли муҳри билан ёхуд нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши шарт.

Саволларга Деҳқонобод туман ФҲДЁ бўлими  мудири Ж.Рахматиллаев жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш