Мен адвокатлар иштирок этиши шарт бўлган жиноят ва фуқаролик ишлари ҳақида билмоқчи эдим?

Д.Ахмедов,  Китоб тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ЖПКга асосан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига асосан адвокатлар иштирок этиши шарт бўлган ишлар қуйидагилар:

1. Вояга етмаганларнинг иши бўйича;

2. Соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича;

3. судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахсларнинг иши бўйича;

4. жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг иши бўйича;

5. шахсларнинг манфаатлари ўзаро қарама-қарши бўлиб, улардан ақалли бири ҳимоячига эга бўлган ишлар бўйича;

6. давлат айбловчиси ёки жамоат айбловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича;

7. жабрланувчининг вакили сифатида адвокат иштирок этаётган ишларда;

8. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларда ҳимоячининг иштирок этиши шарт.

Юқорида келтирилган ишларда адвокатнинг иштироки таъминланиши шартлиги ҳам қонунчиликда белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишнинг мураккаблиги ва бошқа ҳолатлари туфайли гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда қийналиши мумкин деган хулосага келса, бошқа ишлар бўйича ҳам ҳимоячининг иштирок этишини шарт деб топишга ҳақлидир. Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан қарор ёҳуд ажрим Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан тўрт соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлаши шарт.

Савол: Мени бир танишим ўғриликда гумон қилиниб ИИБ томонидан суриштирув ва терговга жалб қилинди. ИИБ ходимлари томонидан танишимга суриштирув ва тергов жараёнида унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат ҳимоясидан фойдаланишни таклиф қилишди. Танишим адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечди. Гумонланувчи адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечиши ҳуқуқига эгами?

А.Эргашев,  Қарши шаҳар

Жавоб: Ҳа албатта. Гумонланувчи ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан таклиф этилган адвокатнинг хизматидан воз кечиши ва ўзи мустақил равишда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузиб, бошқа адвокатнинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига ёки адвокат хизматидан фойдаланмаслик ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 52-моддасига асосан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади. Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат бериш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Суд тергови давомида ҳимоячининг иштирок этиши ҳақида берилган илтимоснома ишнинг ҳолатларини ҳисобга олиб ва судланувчига ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш манфаатларини кўзлаб суд томонидан ҳал этилади. Ҳимоячининг суд мажлиси давомида ишга киришиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди.

Савол: Мени ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган вакиллари талончиликда айблаб ушлашди. Мен ушлаб туриш ва тергов жараёнида адвокат олишимни ва адвокат ҳимоясидан фойдаланишимни айтдим. Улар менга адвокатнинг ҳимоясидан суд мажлисида фойдаланасан деб айтишди. Мен ушбу ҳолатда адвокат ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқига эгаманми? Шу ҳақида тушунтириш берсангиз.

Р.Абдуллаева,  Ғузор тумани

Жавоб: Ҳа албатта. Сиз ушбу ҳолатда адвокатнинг ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасига асосан ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.

Саволларга Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси катта маслаҳатчиси З.Ғозиев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш