Тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда

Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва мавқеи тобора ошиб бормоқда. Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш баробарида аҳоли даромадларини кўпайтириш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

Давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилиб, иқтисодий ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилгани бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиз биринчи Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш учун қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга оид амалдаги маъмурий ва жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш каби долзарб чора-тадбирлар ўз ифодасини топган ушбу Қонунга биноан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатига дахл қиладиган 40 дан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жорий йилнинг 5 октябридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони ҳам юқоридаги Фармонда белгиланган устувор вазифа ва қоидаларни амалга оширишга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми.

Мазкур Фармонда давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар зиммасига тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юкланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши, давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Фармонга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз равишда тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш белгиланди.

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири режадан ташқари ва муқобил текширишларни қисқартириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, солиқ имтиёзларини жорий этиш кўламини кенгайтириш ҳисобланади. Қабул қилинган фармонга асосан бу борада босқичма-босқич амалга оширилган ишлар ҳам янги босқичга кўтарилади.

Хусусан, 2017 йил 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинадиган бўлди. Шунингдек, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган тақдирда,(пенядан ташқари) жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби илгари кўрилмаган янги чораларни жорий этиш назарда тутилди.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмаслиги назарда тутилган.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилди.

Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестиция ва хорижий инвестция иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда ва ҳужжатлар расмийлаштиришда 4 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чораларини қўллаш ҳақида 215 та тақдимнома, 27 та маъмурий таклифлар, 76 та огоҳномалар киритилди. Таъсир чораларини қўллаш ҳақида киритилган тақдимномалар натижасида 111 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 55 та ҳужжатлар бекор қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик фаолияти устуворлигини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш биринчи даражали вазифа бўлиб қолаверади.

С.Шамсиддинов, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш