Тадбиркорлар адлия органлари ҳимоясида

Бугунги кунда республикамизда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Натижада хусусий мулк эгаларининг давлатимиз иқтисодиётига қўшаётган улушлари тобора ошиб бормоқда, уларнинг қонунларимизга бўлган ҳурмати ортиб, ишонч билан фаолият кўрсатмоқда. Бу эса биз кутган асосий ютуқдир. Ушбу ислоҳотларда юртбошимизнинг ташаббуси билан тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёз ва преференцияларнинг аҳамияти катта бўлди.

Зеро, бу тармоқ бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлайдиган ва унинг асосий даромад манбаи бўлган муҳим бўғинга айланди. Айни пайтда у иқтисодиётни изчил ривожлантиришнинг энг муҳим омили, жамиятимиз ижтимоий ва сиёсий барқарорлигининг кафолати, мамлакатимизни тараққиёт йўлидан олға етаклайдиган фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлмоқда.

Шу ўринда Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича адлия бошқармасига қилган мурожаатлари алоҳида назоратга олиниб, уларнинг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Хусусан, бошқарма томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 34 таси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши ва юзага келган муаммоларининг бартараф этилиши таъминланди.

Масалан, Ғузор туманида яшовчи фуқаро А.Джураев адлия бошқармасига мурожаат қилиб, “Минимаркет” биносини қуриш учун ер майдони ажратиб беришни сўраб Ғузор туман ҳокимлигига мурожаат қилганлигини, барча тегишли идоралардан ижобий хулосалар олинганлигини ва барча ҳужжатлар тақдим этилганлигини, шунингдек, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш комиссиясининг ер майдонини ажратиш ҳақидаги далолатгномаси тузилиб, барча комиссия аъзолари томонидан имзоланган бўлсада, асоссиз равишда туман ҳокимининг қарори қабул қилинмаётганлигини баён қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан тадбиркорнинг манфаатларини кўзлаб, Ғузор туман ҳокимлиги зиммасига А.Джураевга ер участкаси ажратиш ҳақида қарор қабул қилиш мажбуриятини юклаш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суднинг 2016 йил 18 февраль кунидаги ҳал қилув қарорига асосан Ғузор туман ҳокими зиммасига А.Жураевга “Минимаркет” қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш ва уларнинг ҳимоясини таъминлаш мақсадида бошқармада “ишонч телефони” доимий равишда ишлаб турибди. Ушбу “ишонч телефони”га жорий йилнинг 3 ойи давомида 9 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 7 таси тегишли тартибда кўриб чиқилди, шундан 3 таси, яъни 42,8 фоизи қаноатлантирилди.

Бундан ташқари, бошқарма раҳбарияти томонидан хусусий мулк эгаларига янада қулайлик яратиш ва уларнинг мурожаатларини жойига чиқиб бевосита қабул қилиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Шу билан бир қаторда бошқарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёз ва преференциялар бериз юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижороси ҳам доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Жумладан, бошқарма ходимлари томонидан жорий йил ўтказилган ўрганишлар натижасида 342 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф қилиш юзасидан 44 та тақдимнома, 12 та маъмурий (шундан 7 таси маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома) жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф ҳамда 37 та огоҳнома киритилди.

Натижада 34 нафар шахс интизомий (шундан 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган), 6 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва назорат қилувчи органларнинг 49 та ноқонуний ҳужжати бекор қилинди.

Шу билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, бошқарма томонидан давомида судларга 8 246 минг сўмлик 29 та даъво аризалари киритилган бўлиб, 6 302 минг сўмлик 10 та даъво аризалари қаноатлантирилди, қолганлари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Масалан, Қарши шаҳридаги “Ойбек авто Транс Сервис” МЧЖ раҳбари О.Элмуродов “Насаф темир йўл комплекс қурилиш” хусусий корхонасидан шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида келиб чиққан қарздорликни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатини ўрганиш натижасида вилоят хўжалик судига “Ойбек авто Транс Сервис” МЧЖ манфаатларини кўзлаб, “Насаф темир йўл комплекс қурилиш” хусусий корхонасига нисбатан 28 800 000 ижара ҳақи ҳамда тўлов муддатини кечиктирганлиги учун 2 016 000 сўм пеня ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Мазкур даъво аризаси вилоят хўжалик суди томонидан 2016 йил 17 мартда кўриб чиқилиб, жавобгар “Насаф темир йўл комплекс қурилиш” хусусий корхонаси ҳисобидан даъвогар “Ойбек авто Транс Сервис” МЧЖ фойдасига 28 800 000 ижара ҳақи ва тўлов муддатини кечиктирганлиги учун 1 000 000 сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, адлия бошқармаси томонидан жойларда фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг сабабларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтказилган тадбирлар натижасида 48 та тадбиркорлик субъектларининиг фаолияти тикланиб, уларда 77 та иш ўрни яратилишига эришилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёз ва преференциялар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада жадал ривожланишига тўлиқ имконият яратмоқда.

Ўрол Остонов, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари 


Рўйҳатга қайтиш