“Ягона дарча” марказлари тадбиркорлар таянчи

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ва уларга ўз фаолиятларини эркин давом эттиришида барча шарт-шароитларни яратиб бериш давлатимизнинг асосий мақсадларидан бири десак адашмаган бўламиз.

Президентимизнинг жорий йилнинг 2015 йил 15 май куни “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “Ягона дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” марказлари ташкил этилиши назарда тутилди.

“Ягона дарча” марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланишини таъминлаш белгиланди.

Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2015 йил 28 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилмоқда. Ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилган.

Жумладан, тадбиркорлик субъектларини газ, электр, сув, телефон тармоқларига улаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, бинонининг ташқи кўринишини ўзгартириш ва реконструкция қилиш, ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсатномалар бериш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқа хизматлар кўрсатилади.

Айтиб ўтишимиз керакки, марказлар иш фаолиятини бошлаганидан кейин, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ушбу рўйхатга киритилган давлат хизматларини кўрсатиш учун бевосита тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилиш таъқиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ушбу талабни сўзсиз бажарилиши назорати вазифаси юклатилди.

Ҳозирда марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларига 16 та турдаги давлат хизматлари сифатли равишда кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь ва февраль ойлари давомида вилоят миқёсида марказлар томонидан жами бўлиб, 831 та давлат хизматлари кўрсатилди. Бунда, тадбиркорлик субъектларини газ, электр ва телекоммуникация тармоғига тугалланган ҳолда улаш, шунингдек турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича гувоҳномаларни расмийлаштиришлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, марказлар ўз номи ёзилган думалоқ муҳрига, штампига ва бланкаларига эга бўлади. Марказ ўз фаолиятини олиб боришда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан мустақил ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди.

Ҳозирги кунда барча “Ягона дарча” марказларида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратилган.

Жумладан, оддий қоғоз кўринишда мурожаат қилиш учун аризаларни қабул қилиш хонаси, тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни кўздан кечириш ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш хоналари, кутиш жойлари ташкил қилиниб, зарур мебель жиҳозлари ва бошқа техник воситалар билан таъминланган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон кўринишда мурожаат қилиш учун марказларнинг барчасида электрон почта манзиллар узлуксиз равишда ишлаши таъминланган.

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришда ушбу “Ягона дарча” марказлари ўрни ва аҳамияти катта бўлишига ишонамиз.

М.Эшназаров Қашқадарё вилоят адлия Бошқармаси масъул ходими  


Рўйҳатга қайтиш