Фармон талабларига риоя қилмаслик, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан 2015 йил 15 май куни имзоланган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган тизимли ишларни сифат жихатидан янги босқичга олиб чиқувчи муҳим қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Шунингдек, Фармон ижросини таъминлаш мақсадида асосан жорий йилда амалга оширилиши белгиланган 33 та аниқ чора-тадбирни қамраб олган комплекс дастур тасдиқланиб, ушбу дастур хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оишириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, ниҳоят хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш каби тўртта йўналиш бўйича амалга оширилиши белгиланди.

Қайд этиш жоизки, ушбу ҳужжат тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонучилигини либераллаштириш, ўз навбатида мулкдорлар синфи томонидан тайёрланган маҳаллий маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш ҳамда иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда.

Бироқ, ханузгача лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари давом этиб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг топшириқ хатлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг январь ойида Қарши туман Бешкент телекоммуникациялар боғламасида 2015 йил июнь ва 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга техник шарт берилишининг аҳволи ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида Қарши туман Бешкент телекоммуникациялар боғламаси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига техник шарт бериш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-банди ва унга илованинг 1-банди талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларини газ, электр, сув, телефон тармоқларига улаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, бинонининг ташқи кўринишини ўзгартириш ва реконструкция қилиш, ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсатномалар бериш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқа хизматларни амалга ошириш белгиланган бўлишига қарамасдан, Бешкент телекоммуникациялар боғламаси ходими З.Ачилов томонидан мазкур қарор талабларига риоя этилмасдан, Н.Хазратқулованинг “сутни қайта ишлаш цехи биноси”ни қуриш учун техник шарт беришни сўраб, 14.01.2016 йилдаги мурожаати тўғридан-тўғри қабул қилиниб, 14.01.2016 йилда 99-сонли техник шарт берилган.

Ваҳоланки, юқорида қайд этилган Қарор талабларига кўра, Н.Хазратқулованинг аризаси Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказ орқали расмийлаштирилиши лозим эди.

Бундан ташқари, бу каби қонунбузилиш ҳолатлари З.Ачилов томонидан тадбиркор А.Камоловнинг “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси” биносини қуриш учун, тадбиркор Ш.Ибодованинг “дорихона ва тиш даволаш шифохонаси” биноси қуриш учун, тадбиркор М.Маманазаровнинг “савдо мажмуаси” биноси қуриш учун, тадбиркор А.Хошимовнинг “маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси” биноси қуриш учун техник шарт беришни сўраб ёзган мурожаатларини кўриб чиқишда ҳам такрорланган.

Шунга кўра, ўтказилган ўрганиш жараёнида вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддаси талаблари асосида ваколат доирасида кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Қарши туман судига юборилди.

Суднинг 2016 йил 1 мартдаги қарорига асосан Бешкент телекоммуникациялар боғламаси ходими З.Ачилов Маъмурий жавбгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2415-моддаси билан айбдор деб топилиб, МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, 260.480 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди.

Хозирги кунда бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвесторлар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат органлари, назорат қилувчи идоралар томонидан тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг бажарилиши бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай саъй-харакатларнинг замирида эса халк фаровонлиги, эл ободлиги ва албатта, ватан равнаки мужассамдир.

Сафар Тоғаев, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари  


Рўйҳатга қайтиш