Дата: 09.07.2014
ДУНЁ яралибдики, инсоният қайси замонда ёки қайси даврда бўлмасин, ҳамиша ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун курашиб келган. Шунинг учун ҳам жаҳон тарихи инсон ҳуқуқлари, унинг эркинлиги ва мустақиллиги учун бўлган курашлар тарихидир десак, асло муболаға бўлмайди.
Ана шундай курашлар самараси ўлароқ, дунёда демократиянинг энг муҳим негизи — инсон ҳуқуқи ва эркинлигини олий қадрият сифатида эътироф этадиган, унинг ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маълум бир мамлакат, минтақа ва халқаро миқёсда амал қилувчи кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинган.
Қуйида биз сўз юритмоқчи бўлган “Миранда қоидаси” ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида АҚШда жиноят оламида ўзига хос “ном қозонган” Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқдир. Ахир, Миранда ўзи ашаддий жиноятчи бўлган бўлса, унинг инсоният учун хизмат қиладиган қандай қоидаси бўлиши мумкин, деган фикр пайдо бўлиши табиий. Лекин халқимизда “бир ёмоннинг бир яхшиси ҳам бўлади”, деган нақл бежиз айтилмаган.
Инсон ҳуқуқларига оид дунё мамлакатлари қонунчилиги ривожланишининг эътиборли жиҳати шундаки, инсон ҳуқуқлари бўйича айрим нормалар дастлаб миллий ҳуқуқда пайдо бўлиб, сўнгра халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартларга айланган.
Хусусан, демократик сайловлар ўтказишга оид ҳозирда мавжуд халқаро нормалар ривожида ҳам миллийликдан универсаллик сари тенденциясини кўриш мумкин. Масалан, ХХ асрнинг ўрталарига келиб фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тенг таъминлаш ҳам универсал, ҳам минтақавий ташкилотлар фаолиятининг устувор вазифаларидан бирига айланади ҳамда миллий сайлов ҳуқуқининг таъсири ўлароқ, халқаро сайлов стандартлари вужудга келган. Бошқа томондан эса мазкур ҳужжатлар у ёки бу соҳа тизимида ривожланишнинг янги даврини бошлаб берган.
Англо-саксон ҳуқуқ оиласининг муҳим институтларидан бири бўлган “Хабеас корпус акт” ҳам дастлаб миллий ҳуқуқда пайдо бўлиб, сўнгра халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат сифатида тан олинган инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга оид жаҳон мамлакатлари қонунчилигининг фундаментал асосини ташкил этиши билан бирга ушбу соҳа ривожи йўлида ўзига хос янги даврга асос солган.
“Хабеас корпус” ўз номини судьянинг озодликдан маҳрум этилган шахсни судга олиб келиш тўғрисидаги буйруғининг биринчи сўзларидан олинган бўлиб, “Habeas corpus ad subjiciendum”, яъни (сен шахсни судга олиб келишга мажбурсан), деган маънони англатади. Бу тартибот ХV асрлардаёқ пайдо бўлган ва 1679 йил 26 майда Англия парламенти томонидан қонуний расмийлаштирилган. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат дунёнинг ҳамма қисмларида, энг аввало, англо-саксон ҳуқуқ тизимида ва Лотин Америкаси мамлакатларида эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг конституциявий кафолати сифатида кенг тарқалган.
Шу маънода, “Хабеас корпус” институти сингари “Миранда қоидаси” ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида курашлар тарихида ўзига хос из қолдирган, инсон ҳуқуқларига оид миллий жиноят-процессуал қонунчилиги ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг муҳим нормаларидан бири ҳисобланади.
“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин”.
Бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ.
Гап шундаки, 1966 йили бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатувларини берган, бундай кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган. Кейинчалик суднинг бу ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган.
Нега деганда, АҚШ Конституциясининг 5 ва 6-қўшимчаларида ҳеч ким жиноий ишларда ўзига ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши; ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, у ўзига қарши кўрсатув бераётган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиши, ўзи томонидан гувоҳларни мажбуран келтириш ёки ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган эди.
Шундан буён “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига қуйидаги ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлади:
“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”
Шуни айтиш керакки, “Миранда қоидаси” бугунги кунда барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган. Яна бир жиҳати шундаки, “Миранда қоидаси” турли давлатлар қонунчилигида турли хилда ўз ифодасини топган.
Масалан, биргина АҚШнинг ўзида, яъни Янги-Мексика, Техас, Аризона ва Калифорния каби штатлар қонунчилигида ушбу қоида шундай белгиланган:
“Агар Сиз Қўшма Штатлар фуқароси бўлмасангиз, саволларга жавоб бериш олдидан мамлакатингиз консули билан алоқада бўлишингиз мумкин”.
Баъзи штатларда, хусусан, Виржинияда эса бу қоида шундай тартибда белгиланган: “Сиз ҳар қандай вақтда саволларга жавоб беришни рад этишингиз мумкин”.
Германия Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ айбланувчи биринчи сўроқ олдидан қуйидаги ҳуқуқлар билан таништирилиши керак:
— қандай ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ва бунга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси;
— айбловга нисбатан ўз муносабатини билдириш ёки билдирмаслик;
— ҳар қандай пайтда ва сўроқ вақтига қадар ўзи танлаган адвокат билан холи маслаҳатлашиш.
Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддасига мувофиқ эса ички ишлар органи ходими гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдириши ва ундан яқин орадаги милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.
Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт.
Ҳусан ТУРСУНОВ, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи