Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Қарши туманида янги эксперимент


Жорий йил 19 май куни Президентимизнинг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланиб, унинг ижроси юзасидан жорий йил 17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш белгиланди.

Мазкур марказлар бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилиб, тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Хусусан, Қарши туманидаги 7 та давлат органи ва ташкилотларининг юридик хизматлари штатларини қисқартириш ҳисобига, 3 та штат бирлигидан (бошлиқ ва етакчи юрисконсульт лавозимлари) иборат бўлган Қарши туман адлия бўлими ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда номзодлардан тегишли ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Бунда, энг аввало, давлат органи ва ташкилоти буйруқлари, фармойишлари, шартномалари, юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш, фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларда ўтказиладиган текширувларда иштирок этиш марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Энг муҳими, марказ ҳамда давлат органлари ва тишкилотлари ўртасида ўзаро ишни ташкил қилиш ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, марказ туман (шаҳар) адлия бўлимларининг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият юритиб, бевосита тегишли вилоят адлия бошқармасига бўйсунади.

Жорий этилаётган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўзи хизмат кўрсатаётган давлат органи ва ташкилотининг раҳбариятига бўйсунув ва қарамликдан холис қилиб, қонун доирасида эркин фаолият юритишига мустаҳкам замин яратиб, қонунбузилишлари, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширувчи мустаҳкам тизимга айланишига хизмат қилади.

Зеро, юридик хизмат ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ташкилотда, албатта, барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади ва қонунийлик мустаҳкамланади.

Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари
А.Исоқов