Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Тарихга бир назар...


“Темур Тузуклари”дан

Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни кўнглини овлаб дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу тадбир ва кенгашларни қўлладим.

Пирим Зайниддин Абубакр Тойбодий менга ёзмишларким, “Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни:

1) кенгаш;

2) машварату маслаҳат;

3) қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик;

4) эҳтиёткорлик.

Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гапларири бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин. Унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанат бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан.

Шуни ҳам билишинг керакким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. Хуллас, бажарилиши шарт бўлган тадбирларнинг таърифидан ва зикридан сўнг, шуни таъкидлаш лозимки, қатъийлик, сабр, чидамлилик, соғлик, сергаклик, эҳтиёткорлик ва шижоат билан барча ишлар амалга оширилур. Вассалом”

Мактубда ёзилмиш сўзлар эса салтанат ишларида мен учун энг тўғри йўлбошчи эди. Шунга кўра, давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим.

Донишмандлар демишларким, ўз ўрнида қилинган тадбир билан саноқсиз лашкар қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, беҳисоб лашкарни енгиб бўлур.

Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон, мардлик ва ишжоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши, минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир. Чунки тажрибали бир киши минг кишига иш буюради.

 

Сўнг сўз ўрнида. Аждодларимизнинг бизга қолдирган меросларининг ҳали-ҳануз таъсири ва аҳамияти юқоридир. Неча минг йил давомида ушбу асардан фойдаланилса-да, маъно-моҳияти ва давр учун аҳамияти ўзгармайди.