Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Сўраган эдингиз...


1.Савол: Бировга пул қарз бериб, сўнгра ололмай сарсон юрганлар ҳақида ҳаётда кўп эшитамиз. Баъзида қарз олганлиги тўғрисидаги қоғоз нотариус томонидан тасдиқланган вазиятда ҳам пулини ундиролмаётганлар учраб туради. Саволим шуки, берилган қарзни қайтариб олишнинг кафолатланиши учун қандай қонун-қоидаларга амал қилиш керак? 

Жавоб: Авваламбор, қарз ўзи нима деган саволга жавоб берсак. Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 732-моддаси).

Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Қарз шартномаси бўйича мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин. Бундан ташқари, фуқаролардан шу нарсани илтимос қилган бўлардикки, агар нотариал идорага боришнинг имкони бўлмаса, қарз олувчидан қарз олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олиш мақсадга мувофиқ. Келгусида бу тилхат судда қарзни ундириш учун тасдиқловчи ҳужжат сифатида инобатга олинади.

Агар қарз шартномаси нотариал тасдиқланган бўлса, қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзиб беради. Ижро хатлари Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда ижро этилади.

 

2.Савол: Мен хотиним билан расмий никоҳдан ўтмадим, икки нафар фарзанларимиз никоҳсиз туғилди. Улар никоҳда туғилган болалар билан тенг ҳуқуққа эгами?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади. Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади. Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

 

Саволларга Ғузор туман Мадад ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси З.Одилов жавоб берди.