Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Янги иқтисодий ислоҳотлар


Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини кўтариш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш борасида иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига асосланган ҳолда янги босқичдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар давомида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 
ПФ-5975-сон Фармонининг қабул қилиниши ҳам самарали макроиқтисодий сиёсатни юритиш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини жорий этиш мақсадини кўзлайди.

Мазкур Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Вазирликнинг макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва юритиш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш, саноатнинг устувор тармоқларини ривожлантириш — ягона индустриал сиёсатни юритиш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш ҳамда бошқа соҳалардаги вазифалари белгиланди.

Вазирлик томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидагиларни ишлаб чиқилади:

• 2030 йилгача Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси;
         • 2030 йилгача Ўзбекистон саноатини ривожлантириш стратегияси;
         •   Камбағалликни камайтириш дастури;

  • 2021 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида минимал истеъмол савати ва яшаш минумуми жорий этилиши юзасидан қарор лойиҳаси.
         Шунингдек, Фармонга мувофиқ:

тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча ўрта ва узоқ муддатли концепциялар, стратегиялар ва дастурлар вазирлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.

қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қарорлар вазирлик томонидан камбағаллик даражасига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилади;

рақобат ва монополияга қарши курашиш, техник регламентларни ўрнатиш, ер муносабатларини тартибга солиш, геология ишлари, давлат активларини бошқариш, давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштириш бўйича чоралар ва сиёсатларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда вазирлик иштирок этади.

Фармонга асосан яна бир янгилик, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги этиб қайта ташкил этилди ва вазирлик ҳузуридаги Урбанизация агентлиги тугатилиб, унинг функция ва вазифалари вазирликка ўтказилди.

Бундан ташқари, Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари вазирликка ўтказилиб, уларнинг негизида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ташкил этилади.

Олий мактаб корпоратив бошқарув ва тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади, унинг Нукус шаҳри ҳамда барча вилоятлар марказларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий филиаллари тузилади.

Олий мактаб бизнесни ташкил этиш ва бошқариш йўналишларида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларининг ўқув-услубиётига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида мутахассисларни ҳамда жойларда аҳолининг кенг қатламини бизнес юритиш ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда бу соҳада малакали тренерларни тайёрлайди.

Албатта, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиш ва ривожланишига алоқадор вазирлик ва идоралар фаолияти уйғунлигини таъминлаш, мавжуд муаммо ва тўсиқларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этишга асосланган замонавий ва инклюзив институционал тизимни жорий этилиши иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун фундаментал шароитларни яратиб бериш ҳисобига янги ва барқарор иш ўринларини ташкил этишда асос бўлиб хизмат қилади.

Бу эса ўз навбатида, ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, хусусан камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Қашқадарё вилоят адлия

бошқармаси масъул ходими

Бобоева Венера