Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими фаолиятидан...


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги
ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан адлия органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш ҳисобланади.

Мазкур йўналишда бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, бўлим томонидан 2020 йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 617 та мурожаатнинг 499 таси ҳал этилиб, шундан 170 таси ёки 27.5 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 34 фоиз) қаноатлантирилган, 240 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Шундан, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 95 та мурожаатнинг 92 таси ҳал этилиб, шундан 26 таси ёки 27.3 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 28.2 фоиз) қаноатлантирилган, 66 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасига кўра қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 20 та тақдимномалар киритилди. Натижада 7 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди ва фуқароларга жами 168 998 386 сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Бўлим томонидан ҳисобот даврида 8 та даъво аризалари киритилди.

Бундан ташқари, бўлим томонидан 2020 йил биринчи чораги давомида ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 46 та тақдимнома ва 10 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Натижада 12 та шахс интизомий ва 2 нафар шахс маъмурий жазога тортилди.  Шу билан бирга, фуқаролар фойдасига 1 846 418 698 сўм пул маблағлари ундириб берилиши таъминланди.

Мисол учун, бўлим томонидан Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси насос станциялари ва энергетика бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 67 ва 109-моддалари (иш ўрни қисқарган ходимларга компенсация ва бошқа тўловлар тўланиши ҳолати) талабларига риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинди. Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси насос станциялари ва энергетика бошқармасида 2020 йилда иш ўрни қисқарган ходимларнинг 55 нафарига 55 026 313 сўм ишдан бўшатиш нафақалари тўлаб берилмаганлик ҳолати аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси насос станциялари ва энергетика бошқармасига тақдимномага киритилиб, ишдан бўшатиш нафақалари тўлиқ тўлаб берилди.

Бўлим томонидан Қарши шаҳри, “Наво” МФЙ, 102/5-уйда яшовчи фуқаро И.Хўжақуловнинг бузилган савдо дўкони учун етказилган зарар Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан қоплаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Қарши шаҳар ҳокимлигининг берган жавоби хати ҳамда тўпланган ҳужжатлар ўрганиш натижасида, фуқаро И.Хўжақуловнинг манфаатини кўзлаб 30.04.2020 йилда етказилган зарарни Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилганлиги ва Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 09.06.2020 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан Қарши шаҳар ҳокимлигидан савдо дўкони бузилиши натижасида етказилган 66 059 000 сўм зарар тўлаб берилиши тўғрисида қарор қабул қилинишига эришилди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бўлим томонидан жами 87 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 53 тасини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, 29 тасини оғзаки, 5 тасини ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари барчамиз учун энг олий қадрият ҳисобланади. Бирор бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди, чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди.

 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

бўлими бошлиғи

Э.Исмоилов