Боғланиш

Телефон
(+998 75) 223-28-30

Электрон манзил
qashqadaryo@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

08

Коррупция – глобал иллат


Дунё миқёсида барча давлатларни ташвишга солаётган, ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири - Коррупциядир.

Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириларкан.

 Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.

Коррупцияга қарши курашишда аввало ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш лозим.

Коррупция нима?

Коррупция сўзи лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “эврилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади. Миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида, коррупцияга қуйидагича таъриф берилган.

Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Демак, кенг маънода коррупция деганда бу мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўрлик жиноятларига оид қилмишлари, балки, ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суистеъмол қилиб шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳомийлик, маҳаллийчилик, “таниш-билиш”чилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйишлари ҳам назарда тутилади. 

Коррупция чегара билмайди!

“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт  сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради”, дейилади БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясида.

Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.

Шунингдек, ҳудудлардаги халқ депутатлари Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиялари ташкил этиладиган бўлди.
2019 йил 1 августдан экспримент тариқасида капитал қурилиш ва олий таьлим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойихаси амалга оширилади.
2020 йил 1 апрелдан “Коррупциясиз соҳа” бошқа соҳаларга босқичма-босқич жорий этилади.

Бугунги кунда бўлаётган ушбу ислоҳотларнинг барчаси мамлакатимизда коррупциянинг илдизи ва тизимини буткул йўқотишга қаратилганидан далолат беради. Биз ўз келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянининг ҳар қандай кўришнишини бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарурдир. Қабул қилинган Қонун ва бошқа ҳуқуқий-норматив хужжатлар эса давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи мазкур иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.

 

Қарши туман адлия бўлим бошлиғи

Р.Абдуллаева