Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Коррупцияга қарши самарали кураш


Мамлакатимизда давлатнинг конституциявий асосларини емирувчи, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи бу мудҳиш жиноятга қарши курашиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни олдини олиш борасида тизимли равишда ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришиш самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқиши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг жойлардаги ҳолатини комплекс ўрганиш, коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган  тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида ахборот ва ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиб бориш функцияси юклатилган коррупцияга қарши курашиш комиссиялар ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси йиғилиши ўтказилиб, унда коррупцияга қарши курашишда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, йўл қўйилаётган камчиликлар, баъзи идора ва ташкилотларда ҳанузгача коррупция ҳолатлари учраб турганлиги, ҳаттоки коррупцияга қарши курашишда бевосита масъул бўлган идораларнинг ўзида ҳам коррупцияга тўлиқ барҳам беришга эришилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.

 “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан жорий йилда ўтказилган коррупция бўйича сўровда иштирок этганларнинг 66,5 фоизи Ўзбекистонда коррупция сингари салбий ҳолат тарқалган деб ҳисоблайди. Қарийб 17 фоизи коррупция ҳамма жой ва соҳаларни қамраб олган, деган фикрни билдирган бўлиб, 26 фоизи эса мамлакатда коррупцияга қарши ўтказилаётган курашда очиқлик ва ошкоралик, уни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишларини етарли эмас ҳамда бу ҳолат коррупциянинг асосий сабабларидан биридир, деб ҳисоблайди.

Давлатимиз раҳбарининг “...бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак” деган даъватларига ҳар биримиз ўта масъулият билан ёндошишимиз зарур.

Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам коррупцига қарши кураш, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 300 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 50 га яқини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинди. Ушбу тарғибот тадбирларида жами 5500 дан ортиқ тингловчилар қамраб олинди.

Яна бир муҳим масала “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг бири сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш белгиланган.

Адлия бошқармаси томонидан жорий йилда бугунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 68 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, экспертизадан ўтказиш жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратадиган қоидалар ва нормалар мавжуд бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят адлия бошқармасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари масъул ходимлари ҳамда вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг юридик хизмат ходимлари иштирокида ўқув семинари ўтказилиб, юридик хизмат ходимларининг туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қабул қилаётган қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш мобайнида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш, келгусида бундай хато ва камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шу билан бирга мамлакатимизда ёшларда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида анъанавий тарзда турли хил танловлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, иншолар танлови ташкил этилди

Мазкур иншолар танловида коррупциянинг фуқаролар, муайян шахс ҳаётига таъсири, қонунга итоаткорлик юксак қадрият ва коррупцияга қарши курашнинг асоси экани, қариндош-уруғчилик, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунга итоатсизлик ва жавобгарликдан қўрқмасликнинг салбий оқибатлари, коррупцияга нисбатан фуқаролик позицияси, хусусан, тоқатсизлик, муросасизлик ва унга бош қўшмаслик лозимлиги каби масалалар ёритилишига эътибор қаратилган.