Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

ҚАБРИСТОНЛАРНИ САҚЛАШ ВА ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИ ДОИМИЙ НАЗОРАТДА


Давлатимиз томонидан миллий қадриятларимизни асраш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, қабристонларни, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни обод қилиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан дафн этиш жойлари (қабристонлар)ни ташкил этиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди.

Жумладан, ҳозирда Қашқадарё вилояти ҳудудида жами 1242 та қабристонлар фаолият юритмоқда.

Ўтказилган таҳлиллар натижаси қабристонлардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва ободонлаштириш бўйича қуйидаги тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, қабристонларнинг аксарияти экологик, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига жавоб бермайди.

Масалан, қабристонлар ҳудудида қишлоқ хўжалиги экинлари (буғдой, макка жўхори, беда)ни экиш ва мевали дарахтлар (олча, ўрик, тут)ни ўстириш ва бошқа шу каби санитария қоидаларига зид ҳолатлар мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Айрим қабристонларда ҳожатхоналар ва чиқиндилар учун махсус қутилар ташкил этилмаган.

Вилоят бўйича жами 407 та қабристонларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, натижада, қабристонларнинг санитария муҳофаза зоналарида ноқонуний равишда турар ва нотурар жой объектлари қурилган.

Кўплаб қабристонлар муҳандислик-коммуникация (электр, йўл ва бошқалар) тармоқларига уланмаган.

Масалан, Нишон туманидаги 21 та, Қарши туманида 10 та, Касби туманида 27 та, Косон туманида 13 та ҳамда Ғузор туманида 55 та қабристонларда электр энергия таъминоти мавжуд эмас.

Қарши ва Ғузор туманларидаги жами 55 та қабристонлар доимий ичимлик суви билан таъминланмаган.

Вилоятдаги 460 та қабристонларда йўл ва тротуарлар асфальт-бетон билан қопланмаган (тупроқ йўллардан иборат) бўлиб, мазкур ҳолат ёғингарчилик пайтида аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда.

Қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлигига қарамасдан 461 та қабристонларда маъмурий бинолар мавжуд эмас.

Шунингдек, 163 та қабристонлар атрофи умуман ўралмаганлиги қабристонларнинг қаровсиз қолиши ва қабристон ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, қабристонларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва маросим хизматларини кўрсатиш бўйича қоровул, дафн маросими хизматлари ишчиси, тозаловчи ва назоратчи каби ходимларга эҳтиёж мавжуд.

Қонунчиликда маросим хизматлари бўйича тарифлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланиши кўрсатилган бўлиб, Қашқадарё вилоят ҳокимининг қарори билан шаҳар ва туманларда гўр қазиш ва маросим хизматлари бўйича тарифлар белгиланган бўлсада, ушбу қарор талабларини бажарилиши бўйича Қарши, Касби, Миришкор, Косон, Қамаши, Китоб ва Нишон туманларида пуллик хизматлар ундириш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Вилоят ҳудудидаги қабристонларда хайр-эҳсонларни йиғиш, ҳисобга олиш ва улардан мақсадли фойдаланиш тартибларига риоя қилинмаган. Жумладан, жами қабристонларнинг 247 тасида эҳсон қутилари ташкил қилинмаган.

Шунингдек, мутасадди раҳбарлар томонидан эҳсон қутиларига келиб тушаётган хайр-эҳсонлар ва пуллик хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг бошқа мақсадларда сарфланишига йўл қўйилган.

Юқорида қайд этилган муаммолар эҳсон қутиларига тегишли пул маблағлари келиб тушмаслиги ҳамда келиб тушаётган маблағларнинг ҳисоби ва сарфланиши устидан лозим даражада назорат ўрнатилмаганлиги каби салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Қайд этиш жоизки, вилоят бўйича 690 та қабристонларга уларни сақлаш ва ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилмай келинмоқда.

Бунинг оқибатида, мазкур қабристонлар экологик, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ жиҳозланмаган ҳамда қаровсиз ҳолга келиб қолган.

Бошқарма ходимлари томонидан қонунчиликка қабристонларни ободонлаштириш ва сақлаш ишларини янада такомиллаштириш, қабристонларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб адлия вазирлигига тақдим этилди.