Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда


Қарши шаҳрида Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда воҳада фаолият кўрсатаётган 170 дан ортиқ корхона юзлаб турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Президентимиз раҳнамолигида юртимиз, хусусан, Қашқадарё вилояти саноати салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган салмоқли ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 37 йирик ҳамда 2397 кичик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналар томонидан ўтган йили 521 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди. Уларнинг 68 фоизи озиқ-овқат, 32 фоизи ноозиқ-овқат маҳсулотларидир.

Ярмарка доирасида ташкил этилган кўргазмада тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизмат турлари тақдим этилди. Энг муҳими, мазкур кўргазмаларда вилоятда инновацион ғоялар ва илғор технологиялардан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётгани яққол намоён бўлди. Шунингдек, банк, лизинг хизматлари тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.

– Маҳаллийлаштириш дастури асосида амалга ошираётган истиқболли лойиҳамиз туфайли корхонамизга бир қатор солиқ имтиёзлари берилди, – дейди Китоб туманидаги "Воҳа машъали" қурилиш корхонаси вакили Нўъмон Фозилов. – Айни пайтда Хитой технологияси асосида икки турдаги лок-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариб, қурилиш ташкилотларига етказиб бермоқдамиз.

Президентимизнинг 2011 йил 29 июлда қабул қилинган 2011-2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларига оид қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 8 корхонада амалга оширилиши мўлжалланган 15 лойиҳа Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган эди. Дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 2012 йилда 3 миллион 700 минг АҚШ долларидан зиёд валюта иқтисод қилинди. Умуман, солиқ ва божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобига олти миллиард сўмдан ортиқ маблағ корхоналар ихтиёрида қолди. Ушбу маблағлар корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишчиларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш мақсадларига йўналтирилди.

– Корхонамизда полимер мармарли ванна, ошхона столи ва қўл ювгичлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Қарши туманидаги "Сантехйиғмажиҳоз" масъулияти чекланган жамияти мутахассиси Р.Маматов. – Ўтган йили турли ҳажмдаги 725 дона ванна ишлаб чиқарилди. Муҳими, тайёрлаётган маҳсулотларимиз истеъмолчиларга манзур бўлмоқда. Маҳсулот турларини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш борасида иш олиб бормоқдамиз.

Тадбир давомида ишлаб чиқарувчи, таъминотчи ҳамда савдо корхоналари ўртасида маҳсулот сотиб олиш ва етказиб бериш бўйича жами 6 миллиард 439 миллион сўмлик ички ва 5 миллион 51 минг АҚШ долларилик экспорт шартномалари имзоланди. Бир қатор саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.