Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

110 ёшли момо


Қарши шаҳар “Никоҳ уйи” ходимлари ва бир гуруҳ ижод аҳли вакиллари томонидан Қарши шаҳридаги “Оқ тепа” маҳалласида истиқомат қилувчи 110 ёшли Роҳат момо Жабборованинг ҳолидан хабар олиш мақсадида тадбир ўтказилди. 1.jpg

Қариси бор уйнинг париси бор, деганларидек “Оқ тепа” маҳалласида истиқомат қилувчи Роҳат момо Жабборова 110 ёшни қаршилади. Қутлуғ ёшли момонинг дуоси олтинга қиёс. Роҳат момо Китоб туманида 1905 йилда туғилган. Ўша даврнинг қийинчиликлари туфайли Қарши шаҳрига келиб қолган. Очарчилик даврини, уруш йилларининг ситамларини кўрган нуроний онахонни ҳаёт бешавқат синовлардан ўтказди. Уч нафар фарзанди очарчилик туфайли эрта ҳаётдан кўз юмди.

Метин ирода билан тақдир зарбасини енгган Роҳат момо бугун фарзандлар, набиралар, маҳалла аҳлининг, қолаверса давлатимизнинг эъзозида. Тўрт нафар фарзандига ҳам оталик, ҳам оналик қилган Роҳат момо мана шундай обод Ватанда яшаётгани, тинч ва бахтиёр кунлар учун доимо шукрона келтириб туради. 1.jpgТабаррук момо Мустақиллигимизнинг йигирма бир йиллик шодиёнаси арафасида эл-юрт фаровонлиги йўлида қилган камторона хизмати, ибратли ҳаёт мактаби муносиб баҳоланди. Президентимиз Фармонига асосан у “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Кексаларни эъзозлашдек инсонпарварлик замирида улкан маъно-мазмун мужассам. Зеро, фарзандлар камоли — юрт қудратини, аёлларга муносабат — маданиятимиз даражасини, кексаларга ҳурмат ва эътибор эса, маънавиятимиз истиқболини белгилайди. Зотан, насиҳатгуй нуронийлари бор элга қут-барака ёғилади, уларнинг дуолари билан элда тинчлик, юртда фаровонлик барқарор бўлади.

– Оллоҳим! Етказганингга шукур, юртимизни тинч, танимизни соғ, иймонимизни бутун айла, – дея юзига фотиҳа тортади Роҳат момо.

Дарвоқе, Роҳат момонинг айтишича узоқ умр кўришнинг сири, аввало серҳаракатлик, саранжом-саришталик, хушфеълликдадир.