Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг самарали механизми


Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларни малакали юридик ёрдам олиш имконияти билан таъминлаш ва адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш асосида шу соҳани ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

DSC02083.JPG

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига биноан тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Адвокатура фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун фаолият кўрсатади.

Адлия вазирлиги томонидан Андижон вилоят адлия бошқармаси, Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида мазкур соҳа истиқболларига бағишлаб ташкил этилган анжуманда шу ҳақда сўз юритилди. Унда адвокатлик тузилмалари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари, суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш, адвокатура соҳасига билимли ва тажрибали кадрларни жалб этиш ҳамда тизимда амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари адвокатура институтининг тубдан мустаҳкамланиши, янада фаоллашуви, жиноят, фуқаролик ва хўжалик масалаларига оид тергов ва судлов жараёнларида қонунийликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2001 йилда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу мақсадга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Зеро, мазкур ҳужжат фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатура ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, адвокатлар мустақиллиги кафолатини кучайтириш ҳамда адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадларини ўзида мужассамлаштирган.

Шунингдек, янги таҳрирда “Адвокатнинг касб этикаси” қоидалари қабул қилиниб, унда адвокат ўзининг профессионал фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари ва одоб-аҳлоқ нормаларига, шунингдек, адвокатнинг қасамёдига қатъий риоя этиш ҳамда ишонч билдирувчи ва ҳимоя остидаги шахслар билан ўзаро муносабатлари белгиланди.

DSC02083.JPG

Сўзга чиққанлар, илдам одимлаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари адвокатдан замон билан ҳамқадам, изланувчан ва тиришқоқ, бир сўз билан айтганда, ўз касбининг фидойиси бўлишни талаб этаётганлигини, ислоҳотлар соҳа вакиллари олдига нафақат ҳуқуқий билимлар эгаси, балки, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий билимлар соҳиби бўлишини ҳам долзарб вазифа сифатида қўяётганлигини таъкидладилар.

Андижон вилоятида Адвокатлар палатаси томонидан мунтазам равишда аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имконияти туманлар ва шаҳарларда мониторинг қилиш йўли билан ўрганиб борилмоқда ҳамда тегишли ҳудудларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда адвокатлик фаолиятининг бугунги аҳволига тааллуқли, чунончи, жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларнинг суд ишида иштирок этишига йўл қўйилмасликка қаратилган томонлар вакиллиги институтини такомиллаштириш, шунингдек, адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига риоя этишини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш ҳамда соҳада янги қабул қилинган қонунлар моҳияти юзасидан мутахассисларнинг фикрлари тингланди.