Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Нотариат институти: ислоҳот ва истиқболлар


Адлия вазирлигида давлат бошқарув органлари, назорат идоралари, нодавлат ташкилотлари, нотариуслар, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари иштирокида “Нотариат институти: ислоҳот ва истиқболлар” мавзусида ўтказилган анжуманда мазкур йўналишдаги ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
DSC02083.JPG

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан улар ўртасида тузиладиган шартномаларнинг қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашда давлат нотариал идоралари муҳим ўрин тутади.

Давлат нотариал идораларининг ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда нотариат фаолиятининг зарур норматив-ҳуқуқий базаси ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўла шакллантирилди. Бевосита нотариат институтини тартибга солиш, такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги унинг ролини ошириш мақсадида йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Энг аввало, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда нотариат институтининг ҳуқуқий мақоми ва фаолияти билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда нотариат институти фаолиятининг янги даври бошланди.

Ушбу Фармонга мувофиқ 2010 йилдан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тугатилди. Бу эса, давлат нотариал идораларининг самарали тармоғини тузиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишга хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан “Нотариат тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, қонун билан нотариал идоралар ходимлари таркибини ҳалол ва малакали мутахассислар билан кучайтириш мақсадида нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилди, нотариус стажёри ва нотариус ёрдамчиси институтлари жорий этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2014 йилнинг 9 ойи давомида давлат нотариуслари томонидан 4 миллиондан ортиқ нотариал ҳаракатлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.

DSC02083.JPGШунингдек, сўзга чиққанлар мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, бандлик муаммосини ҳал этиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда нотариат институтининг янада такомиллашиб бораётганлигини эътироф этишди.

Айниқса, республиканинг барча минтақаларини қамраб оладиган ва фуқароларнинг фойдаланиши учун қулайликни таъминлайдиган давлат нотариал идораларининг самарали тармоғини шакллантириш чора-тадбирларининг кўрилаётганлиги тадбир иштирокчиларининг қизиқишини ўйғотди.

Анжуман давомида ташкил этилган очиқ мулоқотда давлат нотариал идоралари фаолиятининг янада самарадорлигини ошириш, юридик хизмат кўрсатиш сифатини кенгайтириш, ҳудудларда нотариал идоралари томонидан ташкил этилган “бепул маслаҳат” кунларида фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий кўмак беришнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда фуқаролар ва юридик шахсларнинг амалдаги қонунчилик бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, бу борадаги имтиёзлар ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.