Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Депутатлар 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш дастурини қабул қилдилар


Аввал хабар берилганидек, 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу масала юзасидан меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Абдуҳакимов маъруза қилди. 

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари, барча даражалардаги ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектларининг бевосита иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Дастурнинг мақсади – демографик омилларни ҳамда иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, бандлик ва тадбиркорликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир. 

Мажлисда таъкидландики, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогноз кўрсаткичлари ҳудудларни, хизматлар ва сервис соҳасини ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва пудрат қурилиш ишларини амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш дастурларининг рўёбга чиқарилишини инобатга олган ҳолда, бандлик ҳудудий тузилмасининг даражасини ошириш ва такомиллаштиришга, меҳнат бозорида иш кучига бўлган талаб ва таклифнинг мувозанатлилигини таъминлашга қаратилган. Дастур доирасида келгуси йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш ва 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади. Умуман олганда, дастурнинг бажарилиши 987,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашади. Бунда таълим муассасаларининг битирувчиларини, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. 

Дастур ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир фаол ҳамда аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тармоқ дастурларини инобатга олган ҳолда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар кесимида ишлаб чиқилди. Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг талабларига ва ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган. 

Депутатлар иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим устуворликларидан бири, халқнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишнинг муҳим шарти эканлигини таъкидладилар. Дастур янги объектларни ишга тушириш, амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва улардан тўлароқ фойдаланиш, саноатда, қурилишда, хизматлар ва сервис соҳасида кичик бизнесни жадал ривожлантириш, инфратузилмавий, коммуникацион ва уй-жой қурилиши кўламларини кенгайтириш, касаначилик имкониятларини ривожлантириш, бекор турган корхоналарни тиклаш ҳисобига зарур миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган. 

Депутатлар Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кейинги олти йил давомида мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланаётганлигини алоҳида қайд этдилар. Қонунчилик палатаси қўмиталари дастурнинг ижросини алоҳида назорат остига олган. Бунинг натижасида дастур барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг, экспертлар, турли соҳа мутахассисларининг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Шу сабабли, дастур аҳолининг турли қатламлари ва кенг жамоатчилик доирасининг манфаатлари акс этган ноёб ҳужжатдир. 

Дастур лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш доирасида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар партиянинг сайловолди дастурида, энг аввало, қишлоқ ёшларини ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш орқали бандлик масалаларини ҳал қилишга кўмаклашиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилганлигини қайд этдилар. Фракциянинг фикрича, мазкур ёндашув тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринларининг ташкил этилиши имкон қадар қулай тадбиркорлик муҳитининг мавжудлиги билан бевосита боғлиқлигига асосланади. Фракция ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда, шунингдек, ўз электоратининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда дастурни кўриб чиқишда айнан шу йўналишга алоҳида эътибор қаратди. 

Фракция аъзолари меҳнат бозорини янада ривожлантиришнинг самарали омиллари сифатида бандликнинг турли шаклларини, айниқса, кичик бизнесни, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидладилар. Имкон қадар қулай ишчанлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг кредит ва моддий хомашё ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш юзасидан қабул қилинган қонун ҳужжатларига, истеъмол товарлари бозорида талабга эга ишлаб чиқаришларни рағбатлантириш дастурларига мувофиқ иш ўринларини ташкил этишда кичик бизнеснинг ролини янада ошириш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали қўйилган вазифани ҳал этиш назарда тутилмоқда. 

Қишлоқда, айниқса, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектларининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши кейинги йилда 127,5 мингдан зиёд кишини иш билан банд қилиш имконини бериши таъкидланди. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга, уларни олган ихтисослиги бўйича иш ўринлари билан таъминлашга урғу бердилар. Шу муносабат билан бўш турган ва захираланган иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш дастурнинг муҳим йўналиши эканлиги қайд этилди.


Мажлис чоғида бандлик ва халқ фаровонлигини ошириш масалаларининг ҳал этилиши учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг жавобгарлигини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди. Ўзбекистон ХДП фракциясининг таклифига кўра, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, уларнинг ишчи комиссиялари томонидан бандлик ҳудудий дастурлари бажарилишининг бориши мунтазам равишда, ҳар ойда, тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва тармоқ жадваллари асосида кўриб чиқилади ва тегишли чора-тадбирлар кўрилади. 

Ишсизларнинг, шу жумладан, меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мустақил тарзда ишга жойлашиш учун иш жойини танлашга доир бепул маслаҳатлар бериш ҳам назарда тутилмоқда.


Фракция аъзоларининг фикрича, бу дастур бажарилишининг боришини реал вақт режимида мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда тасдиқланган мезонлардан ортда қолаётган корхоналар, тармоқлар ва ҳудудларни аниқлаш, дастурнинг сўзсиз бажарилишига қаратилган қўшимча чора-тадбирларни кўриш имконини беради.


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вакиллари улар ўз амалий фаолиятларида ҳуқуқий ва иқтисодий воситаларни янада такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорликнинг анъанавий маданиятини тиклаш орқали бизнесга кўмаклашишга, ички истеъмол ва экспортнинг ошишини таъминлашга, ҳунармандчилик, сервис ва туризмни ривожлантиришга, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилишларини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, асосан миллий ҳунармандчиликнинг анъанавий марказлари бўлмиш минтақаларда касаначилик иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларида оилавий тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир ишларни давом эттириш зарур. 

Оилавий тадбиркорлик шароитида иш куни вақтини тузиб чиқишда ҳам, меҳнатни тақсимлашда ҳам фаолиятни ташкил этишнинг бошқа шаклида имкони бўлмаган оқилона қулайлик имконияти мавжуд, бу эса ёш болали аёллар ва меҳнат бозорида рақобатлаша олмайдиган бошқа тоифадаги шахсларни ишлаб чиқаришга қисман жалб этиш имконини беради. 

Бундай диққат-эътибор туризмни янада ривожлантиришни ҳам талаб қилади. Фракция аъзоларининг ишончи комилки, ушбу соҳада кўплаб фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу соҳани ривожлантириш ҳисобига мазкур тармоқда иш билан банд бўлганларнинг сонини ошириш ва аҳоли даромадларини юксалтириш имконини беради. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг аъзолари иш ўринларига катта эҳтиёж сезилаётган минтақаларда иш ўринларини кўпайтиришга, шунингдек, ташкил этилаётган иш ўринларига, энг аввало, қишлоқ жойлардаги аёлларни, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жойлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Фракция вакилларининг ишончи комилки, инновацион технологиялар соҳасини ривожлантириш, касбга қайта йўналтириш ҳисобига ёшларни ишга жалб қилиш, шунингдек, ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш учун уларга тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини давом эттириш муҳим йўналишлардан биридир. 

Депутатлар иш ўринларини ташкил этишда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, амалдаги корхоналарни технологик жиҳатдан янгилашда юқори технологияларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратиш, ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам, хизматлар соҳасида ҳам инновацион технологиялардан кенгроқ фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар. 

Бўш иш ўринлари ярмаркалари бандликка кўмаклашишнинг самарали усулидир. Ушбу ярмаркаларнинг мақсади иш излаётган фуқароларни таклиф этилаётган бўш иш ўринлари билан таништиришдан, шунингдек, уларга меҳнат бозори, ходимларга эҳтиёж сезаётган корхоналар, мавжуд бўш иш ўринлари асосида ишга жойлашиш, қайта таълим олиш имкониятлари тўғрисида энг тўлиқ ахборот тақдим этишдан иборатдир. 

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар дастурда мамлакатимизда кўплаб турдаги экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналарни ҳам, хусусий сектордаги корхоналарни ҳам ривожлантириш ҳисобига иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилганлиги муҳим эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, хизматлар соҳасида янгидан ташкил этилаётган иш ўринлари асосида бандлик масалаларини ҳал қилиш эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, аҳоли пунктларини ободонлаштиришга доир ишларни кенгайтириш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар самарасини янада юксалтириш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Уларнинг фикрича, ушбу нуқтаи назардан табиатни ифлослантиришни истисно этадиган технологиялардан янада тўлиқроқ фойдаланиш ва уларни жорий этиш масаласини ҳам кўриб чиқиш зарур бўлади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.