Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

ННТлар фаолиятини рағбатлантириш


Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун бундай ташкилотлар демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Адлия вазирлигида “Соғлиқни сақлаш, таълим, бандликни таъминлаш, аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, “учинчи сектор” деб ном олган фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини тобора ривожлантириш, уларнинг чинакам мустақиллигини таьминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлашни кучайтириш муҳим вазифалардан бири саналади.

Агар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар, яъни қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилса, бу йўлда ҳам ўзига хос “ўзбек модели” яратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Юртбошимиз томонидан таклиф этилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” ғояси бу моделнинг асосини ташкил этади.

Ўтган давр мобайнида фуқаролик жамияти институтлари қаторида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият кўрсатиши учун мукаммал ҳуқуқий база ҳам яратилди. Жумладан, Асосий Қонунимизда алоҳида “Жамоат бирлашмалари” деб номланган боб киритилиб, 58-моддада эса, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори каби кўплаб қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.

Бу соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида ННТлар сони ўтган йили 7000 га яқин бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 8100 дан, яъни 16 % ошди. Уларнинг 220 дан ортиғи соғлиқни сақлаш соҳасида, 150 дан ортиғи таълим, 280 дан ортиғи аёллар, 640 дан ортиғи ёшлар, 550 дан ортиғи имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, 1800 дан ортиғи тадбиркорликни, 1000 дан ортиғи спортни ривожлантириш, 570 дан ортиғи демократик институларни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларда фаолият юритиб тегишли соҳаларнинг ривожланишига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар фуқаролик жамиятини шакллантириш нақадар долзарб масала эканлигидан далолат беришини қайд этдилар.

Давра суҳбатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш, таълим, бандликни таъминлаш, аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда мавжуд муаммолари ва таклифлари юзасидан фикрлар алмашилди ҳамда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, иштирокчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.