Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми


Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали

юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 116-модда.)


Мустақил адвокатура тизими инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидандир. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларида адвокатура институтини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. 

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлмоқда. Мазкур фармон суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш учун кенг йўл очди. 

Пойтахтимизда “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтининг ривожланиши – суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришнинг муҳим омили” мавзусида ўтказилган семинарда бу алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, ҳуқуқшунослар, адвокатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, Адвокатлар палатаси раиси ўринбосари Ш.Содиқов, Адлия вазирлиги нотариат, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва адвокатура бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Ортиқов ва бошқалар мамлакатимизда адвокатларнинг мавқеини янада юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида уларнинг фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни тобора ортаётганини таъкидлади. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимнинг яхлитлигини таъминлаб, адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига риоя этишини назорат қилиш механизмини мустаҳкамлади. 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, соҳани янада ривожлантириш, адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш борасида изчил фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда мингдан ортиқ адвокатлик тузилмаси томонидан фуқаролар ва корхоналарга зарур юридик ёрдам кўрсатилмоқда. 

Адвокатнинг процессуал мақомини кенгайтиришга қаратилган қонунчиликнинг янада такомиллаштирилгани жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминламоқда. 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бунга пухта замин яратди. 

Тадбирда адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини янада кучайтириш, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.