Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Янги қонун лойиҳаси муҳокамада


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда тегишли вазирлик, қўмита, агентлик, давлат инспекциялари, суғурта ва йўловчи ташиш соҳасига ихтисослашган ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси С.Жабборов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида йўл инфратузилмасини ва транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги йўллар, замонавий кўприклар барпо этилиб, мавжудлари жаҳон андозалари даражасида реконструкция этилмоқда. Йўловчи ташиш соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. Халқаро андозалар даражасида барпо этилган автомобиль ва темир йўлларда йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлигини, ҳаво йўлларида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратилаётир.

Турли соҳаларда рўй бераётган янгиликлар, транспорт-коммуникация тизими ва ижтимоий суғурта хизматларининг тобора ривожланаётгани соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 ноябрдаги 1438-қарори билан тасдиқланган 2011-2015 йилларда республика микромолиялаш соҳасини ва нобанк молия секторини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасини яратишда тараққий этган мамлакатларнинг тажрибаси чуқур ўрганилди.

– Бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида йўловчи ташиш жараёнида йўловчиларнинг манфаатларини тўла ҳимоя қилиш мақсадида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш механизми кенг қўлланилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Зоиров. – Автомобиль, дарё, темирйўл, ҳаво йўллари орқали бирор манзилга отланган йўловчининг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкига зарар етса, уни ташувчи компания ижтимоий суғурта орқали қоплаб бериши йўлга қўйилган. Бу тизим бир томондан йўловчи учун қулайлик яратса, иккинчи томондан суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, бу йўналишларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ташувчи компания ва ташкилотларнинг мулкий манфаатларини муҳофазалашга хизмат қилади.

Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш, унинг инсон манфаатларини муҳофазалаш ва жамиятимизни янада равнақ топтиришда тутган ўрнини тарғиб этиш мақсадида жойларда экспертлар, манфаатдор ташкилотлар, суғурта компаниялари, тадбиркорлар иштирокида давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида депутатлар, олимлар ва экспертларнинг чиқишлари уюштирилмоқда.

Йиғилишда янги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, бу борада мавжуд миллий ва халқаро тажрибага оид маърузалар тингланди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.