Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Қулай ишбилармонлик муҳитининг муҳим асоси


Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳада бўлгани каби банк-молия тизимида ҳам барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Хусусан, банк тизими капиталлашувини ошириш бўйича амалга оширилган мақсадли чора-тадбирлар туфайли банклар жами капитали охирги беш йилда 3,5 баробар, 2013 йилда 2000 йилга нисбатан 46 баробар кўпайди.

Глобал молиявий-иқтисодий инқироз молия бозорида янги муаммоларни юзага келтирди. Инқироз шароитида аксарият ривожланган давлатларда қайтарилмайдиган ва муддати ўтган кредитлар муаммоси чуқурлашиб бормоқда. Натижада тижорат банклари бўлажак йўқотишларни инобатга олган ҳолда, ўз маблағи ҳисобидан тегишли захиралар миқдорини оширишга мажбур бўлмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида aмaлгa oширилaётгaн бoзoр ислоҳoтлaрининг суръaти вa мaнтиқий тaлaблaридaн кeлиб чиққaн ҳoлдa, эркин бoзoр иқтисoдиёти мунoсaбaтлaрини янaдa ривoжлaнтиришгa xизмaт қилaдигaн бир қaтoр қoнунлaр қaбул қилиш вазифаси белгилаб берилди. Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуни шулар жумласидандир. Мамлакатимизда банк хизматлари инфраструктурасини такомиллаштиришга йўналтирилган мазкур қонун 2013 йил 23 октябрда қабул қилиниб, жорий йилнинг 1 июлидан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатда гаров реестрини ҳисобга олишнинг ягона базасини яратишга доир ҳуқуқий механизмлар белгиланган бўлиб, улар гаровга қўйилган мол-мулкни ҳисобга олиш, уни ғайриқонуний равишда реализация қилиш ёки бошқа шахсга беришнинг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, кредитлар ажратишни кенгайтириш, молк-мулкдан таъминот сифатида фойдаланиш ва тижорат банклари таъминотга олган молк-мулк асосида кредит хавфини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда қўл келади. Бу молия бозорида мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини юксалтириш ва рақобатни кучайтиришда муҳим омилдир.

Янги қонун ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Корхона гаров реестрининг узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш мақсадида интернет тармоғида “www.garov.uz” доменига эга бўлиб, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 июндаги “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Гаров институти янги, энди иш бошлаганини эътиборга олиб, унинг фаолиятини кенг оммага етказиш учун жойларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда мутахассислар ва гаров реестрига ёзувларни киритиш билан шуғулланувчи бошқа шахслар учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

– Гаров реестрининг юритилиши банк-молия хизматларининг ривожланишига хизмат қилади, – дейди “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси директори Шерзод Холиёров. – Гаров реестри кредиторлар ва инвесторларга қарз олувчининг мулки тўғрисида объектив маълумотлар беради. Шу билан бирга, банкларнинг кредит портфелига ижобий таъсир кўрсатади ва кредит бозорининг янада фаоллашишига хизмат қилади. Натижада тадбиркорлик субъектларининг кредит ажратиш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати қисқариб, ўзаро тўловлар интизомига риоя қилиниши таъминланади.

Қонунга кўра, гаров реестридан фойдаланувчилар гаров реестрига ёзувлар киритишга ва уларни ўзгартиришга, гаров реестридан ёзувларни чиқариб ташлашга, гаров реестридаги ёзувларни излаш ва излаш натижалари бўйича кўчирмалар олишга ҳақли. Бунда барча шахслар, ҳеч бир чекловларсиз гаров реестридан ёзувларни излаши мумкин. Гаров реестрининг қолган функцияларига киришга, жумладан, излаш натижаларига кўра гаров реестридан кўчирма беришга рухсат фақат сайтда шахсий кабинет очган шахсларга берилади. Бунинг учун фойдаланувчидан гаров реестри сайтига электрон ариза бериш талаб этилади.

Шу ўринда фойдаланувчи иборасига қисқача тўхталсак. Фойдаланувчи – гаров реестрини юритувчи ташкилот билан тузилган шартнома асосида унга ёзув киритиш ҳуқуқига эга кредитор, қарздор сифатида қатнашаётган юридик ва жисмоний шахслар, қонунга мувофиқ мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишни чеклаб қўйиш ҳуқуқига эга бўлган тергов-суриштирув органлари, давлат солиқ ва божхона хизмати органлари ҳисобланади. Фойдаланувчи гаров реестрига ёзувлар киритиш бўйича шартнома билан танишиш ҳуқуқига эга. Фойдаланувчи шартнома шартларини қабул қилган вақтдан бошлаб шартнома тузилган деб ҳисобланади.

Гаров реестридан кўзланган асосий мақсад – гаров тўғрисидаги ҳаққоний маълумотларни йиғиш, уларни қайта ишлаган ҳолда фойдаланувчиларга тақдим этиш ҳамда кредиторларнинг гаровга олинган мол-мулкка бўлган устувор ҳуқуқларини аниқлашдан иборат. Қонуннинг 9-моддасида қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гаров реестрига ёзувни киритиш вақти ва санаси кредиторнинг қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бошқа кредиторлар ва учинчи шахслардан олдин ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга, бошқа талабларни қаноатлантиришга бўлган навбатини, имтиёзли ҳуқуқини аниқлаш учун асос бўлиши белгиланган.

Мамлакатимизда гаров реестрининг жорий қилиниши гаров муносабатларида мол-мулкларга нисбатан ҳуқуқларнинг очиқлигини оширади. Натижада тадбиркорлик тузилмалари ва фуқароларни молиялаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда кредит хавфини камайтирилишига эришилади.

Таъкидлаш жоизки, гаров реестрининг жорий этилиши кредитлар ҳажми сезиларли даражада ўсишига таъсир кўрсатади. Мисол учун, гаров билан таъминланган кредит ажратиш бутун дунёда кенг тарқалган. Чунки гаров мулки банк учун кредит таваккалчилигини сезиларли даражада пасайтирса, қарз олувчи учун қарамоғидаги мол-мулкини гаров қўйиш эвазига қулай, тез ва максимал даражада кредит олишига имкон яратади.

Бундан ташқари, гаров реестри кредит қайтарилишига кафилликка эҳтиёж қолдирмайди. Қарз олувчининг мулки бозор қиймати ҳисобига нисбатан кўпроқ ва узоқ муддатга, қулай шартларда кредит олиш имконини беради.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда гаров реестри институтининг жорий этилиши гаров муносабатларини такомиллаштириб, кредитор ва қарз олувчи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.