Мустақиллик - энг олий ҳуқуқ

Мустақиллик бу ҳур, озод, эркин яшаш ҳуқуқидир. Ўзбекистонимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини нишонлаш арафасидамиз. Истиқлолнинг буюк ютуқларидан бири юртимизда тарихан қисқа муддат ичида миллий давлатчиликнинг сиёсий ва ҳуқуқий, ижтимоий ва маърифий пойдевори яратилганлиги билан бугун ҳар қанча фахрланса арзийди. Ўтган даврда ана шу мустаҳкам пойдевор асосида ҳаётимизнинг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди, давлат ва жамиятнинг таркибий тузилиши модернизация қилинди ва янгиланди. Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ўзгаришларнинг ҳуқуқий кафолатлари Конституция ва миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда амалдаги қонун ҳужжатларига халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари такомиллашгани муҳим омил бўлмоқда.

Мустақиллик шарофати билан ҳар соҳада бўлаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари бунинг исботидир.

Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг чорак асрида вилоятимиз марказида ҳам шундай ҳайкал ўрнатилдики, бу халқимизнинг миллатимизнинг, ғурур ва ифтиҳорига айланди. Бу Элу-юрт таянчи монументидир.

"Эл юрт таянчи" монументи 2006 йил президентимизнинг раҳнамолигида Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги ҳамда соҳибқирон Амир Темур бобомиз таваллудининг 670 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида қад ростлади. “Эл юрт таянчи” монументига боқар экансиз, ўз она заминини не не босқинчи, ёвуз кучлардан, ҳар қандай бало қазолардан кўз қорачиғидай асраб авайлаб келган, ўз зурриёди ва насл насабини, ақл заковат мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган оила тимсоли гавдаланади.

Мустақиллигимиз шарофати билан бугун биргина Қарши шаҳрининг қай бир кўчасига борманг янги кўп қаватли замонавий уйлар, бинолар қурилиши шиддат билан тугатилаяпти. Қашқадарё соҳили ўзининг ҳақиқий маънодаги кўринишига, номига эга бўлди. Куприкни томоша қилишга ошиқаётган ҳамюртларимиз қаторида чет эллик меҳмонларимизга ҳам кўзингиз тушади. Ҳа, бу давр нафаси. Бу мустақилликнинг энг олий неъмати.

Шуни таъкидлашимиз мумкинки, мустақиллик йилларида барча соҳаларда кузатилаётган ислоҳотлар адлия идоралари ва муассасаларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу ислоҳотларни биргина вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари мисолида кўриб ўтадиган бўлсак, шу йилларда вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи идоралар ўзининг аҳамияти ва салоҳиятига мос бўлган замонавий маъмурий биноларга эга бўлди. Янги техник воситалар билан жиҳозланган, кенг ва ёруғ биноларда иш юритиш бошқарма ва унинг тизимидаги ходимлари зиммасига янада кўпроқ масъулият юклаганлиги шубҳасиздир.

Мухтасар қилиб айтганда биз мустақиллигимизни қадрлашимиз, ўзимизнинг фидокорона меҳнатимиз билан унинг абадийлигига ҳисса қўшишимиз лозим.

Қ.Санаев, Чироқчи туман 1-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш