Мустақиллик улуғ неъмат

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан

Мустақил Республикамизнинг 25 йиллигини шод-у хуррамлик билан кутиб олаётган халқимиз қалби қувончга тўлган ҳолда кутиб олишмоқда. Ўтган йиллар давомида амалга оширилган бунёдкорлик, ички ва ташқи сиёсат борасида юртбошимизнинг амалга ошираётган ишлари ҳар бир миллатимиз вакилини келажакка бўлган ишончини янада оширмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ҳозирги кунга келиб ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Халқимиз фаровонлиги, яшаш тарзи янада юксалиб бораётганлиги фикримизнинг далилидир. Юртимизнинг қайси гўшасига борманг, бунёдкорлик ишларини кўриб, қалбингиз тўлқинланиб кетади. Қадим Кеш – Шаҳрисабзда амалга оширилган ишлар, Оқсарой қароргоҳининг қайта таъмирланиб, сайлгоҳга айлантирилганлиги, кўркам, замонавий уй-жойларнинг, иншоотларнинг қуриб фойдаланишга топширилаётганлиги ҳам мустақиллик шарофатидандир. Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз қурдирган кўприкнинг қайта таъмирланиб, сайлгоҳга айлантирилганлиги вилоят аҳлини маданий ҳордиқ чиқаришида муҳим манба бўлди.

Гарчи, 25 йил қисқа фурсат бўлса-да, бироқ мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий, иқтисодий соҳасидаги ютуқларга эришганлигимиз, ҳар йили кекса отахон, онахонларимизнинг ҳаж зиёратига бориб, ҳожи деган номга сазовор бўлаётганлиги ҳам дилимизга фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Бундан 25 йил аввал мамлакатимизда енгил автомашиналар ишлаб чиқарилади деса ҳеч ким ишонмасди. Бугун эса Асака шаҳрида турли русумдаги автомашиналарнинг ишлаб чиқарилаётганлиги, Самарқанд шаҳрида “МАН” юк автомашиналари, шунингдек “ИСУЗУ” автобусларининг ишлаб чиқарилаётганлиги мустақиллик шарофатидан эмасми? “Ким эдигу, ким бўлдик?” деган саволга мантиқий жавобни юқоридаги фикрларимиздан топишимиз мумкин.

Жорий йил муҳтарам юртбошимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” деб номланди. Она соғлом бўлса, бола соғлом бўлади, жамиятимиз ривожланади. Бу эса биз каби соҳа ходимларига ҳам катта маъсулият юклайди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши, яқин қариндошлар орасида никоҳни олдини олиш борасида амалга оширлаётган ишларимиз ҳам бугунги замон талаблари асосида ташкил этилди. Шунинг учун ҳам оилавий ажрашишлар ва бошқа салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг 11 февралида Оқсаройда ўтказилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида қилган, “Соғлом халқ, соғлом миллат, буюк ишларга қодир бўлади” номли маърузасида қуйидаги сатрларни ўқиймиз, “...қиз болаларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги амалий ишларимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур. Бу кўрсаткичлар 2005 йилда 24 фоизини, жумладан, қишлоқ жойларида 22 фоизини ташкил этган холос. Бугунинг кунда қиз болаларнинг 
47 фоизи, қишлоқ жойларида эса 44.7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани барчамизга мамнунуният етказади. Бу ишларни янада изчил давом эттиришимз керак. Чунки қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни халқимиз, миллатимизнинг келажагини кўрамиз.”

Ҳа, бугун спортнинг барча турлари билан қишлоқ аҳолиси ҳам мунтазам шуғулланиб келмоқда. Бу эса спортнинг оммавийлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Мен шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, соғлом фарзанд юрт келажаги деганларидек ҳар бир ёш, соғлом ва бақувват бўлиб вояга етса жамиятимиз янада юксалади. Биз мустақиллик бизга нима берди деб эмас, балки мен муcтақиллик учун нима қилдим дея ўйлаш лозим. Тарих зарварақларини варақласангиз, қанчадан қанча аждодларимиз озодлик, ҳурлик учун ўз жонларини қурбон қилдилар. Тарихни яхши билган инсон ўзлигини англаб етади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, тарихни билмаган инcон ҳозирги ҳаётни теран англаб етмайди. Шундай экан, биз мустақиллигимизни қадрлашимиз, ўзимизнинг фидокорона меҳнатимиз билан унинг абадийлигига ҳисса қўшимишимиз шарт. Ана шундагина мустақиллигимиз абадий ва мангу бўлади.

Н.Умарова, Касби туман ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш