Мустақиллик - ҳуқуқ, имконият, бурч демакдир

Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним,
жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!

Энг улуг, энг азиз айём - мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Бугун мамлакатимизнинг қай бир гўшасига борманг, албатта, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларининг устидан чиқасиз. 25 йил. Тарих учун киприк қоқгудек лаҳза бу. Аммо шу йиллар мобайнида тарих эврилди. Юрт мустақил бўлди. Мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 25 йиллик истиқлол тарихи билан чамбарчас боглиқ бу ўзгаришлар замирида мана шу бағрикенг халқнинг бетакрор ҳаёт тарзи, қадимий урф одатлари, эртанги истиқбол билан қоришиқ ният ва истаклари бор.

Тарихий манбаларда Нахшаб, Насаф номлари билан аталиб, бетакрор маданий ёдгорликлари, боқий қадриятлари, бой тарихи, гўзал қиёфаси билан алоҳида ном таратган қадимий ва навқирон Қарши шаҳар жамоли мустақиллик йилларида тубдан ўзгарди. Айниқса, шаҳарнинг 2700 йиллик юбилейи муносабати билан амалга оширилган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари натижасида бутунжаҳон шаҳарсозлик ютуқлари асосида ўзгача қиёфа касб этди. Бир неча асрлик тарихга эга бўлган меъморий обидалар мукаммал таъмирланиб, уларга қайта умр бағишланди. Шаҳарнинг марказий ва асосий кўчалари анча кенгайтирилди. Мустақиллик майдони замонавий ландшафт дизайни асосида қайтадан ободонлаштирилди. 

2 та стадион, 2 та истироҳат боғи ҳамда кўркам амфитеатр барпо этилди. Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори ва савдо мажмуаси, аэропорт ва темир йул вокзали реконструкция қилиниб, шаҳар хуснига янада хусн қўшилди.

Дарҳақиқат, бой тарихи, кўплаб илмий ва маънавий мероси, гўзал қиёфаси билан жаҳондаги энг яхши шаҳарлар қаторидан жой олган Қарши шаҳри муҳтарам Президентимизнинг доимий эътиборларидаги масканларидан ҳисобланади. Президентимизнинг таклиф ва кўрсатмалари асосида барпо этилган ўнлаб мажмуа ва иншоотлар бугунги кунда шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда. Президентимизнинг Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастурига мувофиқ вилоят марказини янада обод ва кўркам масканга айтантиришда муҳим туртки бўлди. Қарши шаҳрини янада гўзал, замонавий марказга айлантириш учун унинг 2030 йилгача мўлжалланган бош режасини ишлаб чиқиш, шаҳар инфратузилмасини реконструкция қилиш 
ва таъмирлаш кўзда тутилган бўлиб, бу ишларни амалга ошириш учун ҳукуматимизнинг махсус Дастури қабул қилинди. Унга асосан ҳозирги 8 минг 500 гектарлик шаҳар ҳудуди келгусида 17 минг 700 гектарга етади. 225 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи шаҳар келгусида 400 минг нафар аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айланиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан шаҳарда жуда катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бундай ўзгаришлар шаҳарда яшовчи ҳар бир кекса-ю ёш қалбида фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади. Шаҳарнинг қай бир бурчагига борманг, нимадир қурилаётганига ва унинг ҳуснини бузиб турган пана-пастқам иморатлар, келажакда гўзал гўшага айланишига халақит берадиган объектлар бузиб олиниб, уларнинг ўрнига янги, замонавий иншоотлар барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз. Айни пайтда Қарши шаҳрининг Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчаларини кенгайтириш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, йўлаклар, ташқи ёритиш ускуналари ва фавворалар ўрнатиш ишлари бажарилаяпти. Шаҳарнинг марказий кўчаларидаги кўримсиз уй-жойлар ўрнида 122 та кўп қаватли замонавий уйлар қурилмоқда. Уларнинг 32 таси фойдаланишга топширилди, 90 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Қарши шаҳрида 50 та фаввора қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 28 таси ишлаб турибди. Қурилаётган янги автостанция ва вокзаллар, кўпқаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда. Шаҳар атрофида тўрт полосали, узунлиги 56 км бўлган автомобиль халқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприк барпо этилди. Қарши шаҳридаги “Одина” мажмуаси, “Кўкгумбаз”, “Қўрғонча” масжидлари, Абу Убайда ибн ал-жарроҳ зиёратгоҳида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг асосийси, шаҳарда бунёдкорлик ишлари замонавий архитектура-шаҳарсозлик меъёрий талаблари асосида олиб борилмоқда.

Юртбошимиз ўтган йили Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган эдилар. Ўтган бир йил давомида бу ерда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Қашқадарё дарёси устида қад ростлаган Амир Темур кўприги ва унга ёндош ҳудудда бажарилган ишлар наинки юртдошларимиз, балки дунёнинг анча-мунча шаҳарларини кўриб кўзи қотган хорижлик сайёҳларнинг ҳам чинакам ҳайратига сабаб бўлмоқда. Дарё суви 3 та сунъий тўғон ёрдамида кўтарилиб, унинг тўлиб оқиши таъминланди. Бу иншоотлар сувни тўплаш баробарида фильтрлаш вазифасини ҳам бажаради. Соҳилнинг икки томони эса одамлар сайр қилиб ҳордиқ чиқарадиган сўлим масканларга айлантирилди. 51 та катамаран, 2 та туристик катер келтирилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. Болалар учун замонавий аттракционлар ўрнатилди. 14 та коттеж, 4 та кафе-бар, болалар майдончалари, 4 та сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилиб, мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллигига воҳа аҳли учун муносиб совға бўлди.

Қарши шаҳарида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга жавоб экани, улар вилоят қиёфасини ўзгартириб, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганининг ёрқин ифодасидир. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 30 июн-1 июл кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун бунданда кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича зарур тавсиялар бердилар. Вилоятда бўлаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ҳар бир қашқадарёлик қалбини фахр ва ифтихорга чулғамоқда.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, Қашқадарё буюк Соҳибқирон Амир Темурни вояга етказган замин. Бу ерда у зотнинг авлодлари – ғурури баланд, мард ва танти одамлар яшайди. Мухтасар айтганда, юртимиздаги барча шаҳарлар қатори Қарши шаҳрининг мафтункор қиёфасида ва унинг ёрқин келажагида ҳам мустақиллик мўъжизалари, бунёдкор халқимиз умид ва интилишлари мужассамдир.

Н.Саттарова,

Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси

масъул ходими                                       


Рўйҳатга қайтиш