Соғлом турмуш кафолати

Ҳаёт бешикдан бошланади. Ватан ҳам. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, оила мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам бўлади, оила тинчлиги – жамият тинчлиги дегани. Оила ободлиги-юрт ободлигидир аслида, фарзандлар қандай одам бўлиб вояга етиши биринчи навбатда оилага боғлиқ. Ҳар бир киши ўз оиласи олдида маъсул. Бу маъсулиятни ҳис қилиш билан биз Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз. Мамлакатимизда янги 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб номланди. Бу бежизга эмас албатта. Оила ва унинг жамиятдаги ўрни масаласини ҳуқуқ, тарих, социология, психология, педагогика, демография, этика сингари фанлар асрлар мобайнида ўрганиб келмоқда. Оила жамиятнинг минг йиллар давомида шаклланиб келаётган, аҳолининг кўпайиши, ёш авлод тарбияси ва ижтимоий мослашувида муҳим бўғин ҳисобланган бир бўлагидир. Оила жамиятнинг соғлом ва баркамол авлодни камолга етказувчи табаррук масканидир. Мустаҳкам оила ва бахтли турмуш авваламбор оила қурадиган ёшларнинг ўзига, уларнинг ақл -заковати, маънавий фазилатларига, оила, жамият олдидаги ўз бурчи ва маъсулиятини чуқур англаб етишига боғлиқ.

Оила- инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл – насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилиш, никоҳ тузилганлиги, ўлим ва никоҳдан ажралишни қайд этиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.

Таъкидлаш жоизки оила халқимизнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган муҳим ҳаётий қадриятларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила қадри ўзининг шундай юридик талқинини топган: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.

Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши унинг юзага келганлигини исботловчи бирдан-бир далилдир. Никоҳнинг ҳуқуқий жиҳатдан қайд этилиши билан нафақат эр билан хотин, балки унинг иттифоқини санкцияловчи давлат мажбуриятлари ҳам пайдо бўлади. Шу боисдан ҳам, оила қуриш истагида бўлган ёшларимизга оиланинг нечоғли муҳим ва маъсулиятли эканлигини англатиш, соғлом оилани шакллантириш ва оилада юксак маънавий-аҳлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза берган шахсларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Зеро, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом оиланинг дунёга келиши юрт ва миллат тақдирига дахлдор масаладир. Шундай экан, соғлом оила вужудга келиши учун, энг аввало, жамият ва давлат қайғуриши, унга замин яратиб бериши лозим. Бунинг учун эса, бизда мукаммал ва мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорида судлар оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги таъкидланган.

Ҳақиқатдан, оила-муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади. Ҳаётда яқин қариндошларнинг қуда-андачилик риштаси орқали ўз муносабатларини мустаҳкамлашга интилишлари учраб туради. Ачинарли жиҳати, бу ҳолат катталарни яқинлаштирсада, кўпинча ёшлар учун сон-саноқсиз муаммоларни келтириб чиқаради. Энг ёмони-яқин қариндошлардан майиб мажруҳ ёки ногирон фарзандлар туғилиши ва бунинг оқибатида ёш оиланинг азият чекишидир.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида юз бериши мумкин бўлган ҳодисалар, наслий бузилишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кўп тарғиб қилинмоқда. Турмуш қураётган қиз-йигитлар тиббий кўрикдан ўтаётганда бу ҳақда уларга тушунча берилади. Туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла-ю, қишлоқ фуқаролар йиғинларида айнан шу мавзуга бағишлаб маърифий тадбирлар ўтказилади. Тиббиёт нуқтаи назаридан яқин қариндошлар ўртасида никоҳга йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки бунинг оқибатида дунёга келган мажруҳ ёки ногирон болалар қанча даволанмасин, тузалиши қийин.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоизки, агар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ бирон бир сабаб билан бузиладиган бўлса, ўзаро қариндошчилик муносабатларига ҳам путур етади. Ўртага совуқчилик тушиб, яқин қондош опа-сингиллар, ака-укалар бир-бирлари билан юзкўрмас бўлишларига олиб келади.

Фарзанд-ота-онасининг жигар қонидан бунёд бўладиган, келажагимизни давом эттирадиган, бизнинг барча яхши-ю ёмон хислатларимизни ўзида мужассам этадиган инсон. Демак, унинг гўзаллиги, соғломлиги, аввало ўзимизга боғлиқ. Миллат келажаги ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод қўлида эканини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Амалдаги Оила кодексига “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш” (17-модда) қоидаси киритилганлиги бежиз эмас, албатта.

“Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга кўра, никоҳланувчи шахслар психик, наркологик касалликлар, таносил, сил касалликлари ва ОИВ/ОИТС касалликлари бўйича тиббий кўрикдан бепул ўтказиладилар.

Никоҳланувчи шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари шифокор сири ҳисобланади ва у никоҳланувчи шахсга фақат кўрикдан ўтган шахснинг розилиги билан билдирилиш мумкин. Башарти, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини никоҳланувчиларнинг бошқасидан яширган бўлса, шу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиб судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Бу нормалар давлатимиз оилани жамиятнинг энг муҳим бўғини деб билишининг шунингдек, оила ва никоҳ масалаларига маъсулият билан қараб жуда улкан ишларни амалга ошираётганининг ёрқин ифодасидир.

Д.Раҳманова, Муборак туман ФҲДЁ бўлими мудираси  


Рўйҳатга қайтиш