Мустаҳкам оила –юрт келажаги

Ҳар бир оила инсоннинг жону - танига, тақдир мезонларига чамбарчас боғлиқ сирли бир хилқатдир. Ҳаётда соғлом фикрловчи ҳар бир одам ёши, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, оиласининг мустаҳкамлиги ва фаровонлигини ўйлайди, ўз бахтини оила аъзоларининг бахти билан бир деб тасаввур қилади. Айниқса биз ўзбеклар оилам, болам-чақам деб яшаймиз. Оилани муқаддас даргоҳ деб биламиз ва унинг фаровонлиги йўлида тиним билмай меҳнат қиламиз. Оила аъзолари бир – бирига меҳр муҳаббатли, оқибатли бўлса, бу саъй-ҳаракатлар замирида юртимиз келажаги мужассамдир. Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятимиз тараққиёти ва давлатимиз куч қудратининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Халқимиз қадим замонлардан оила мустаҳкамлигига жиддий эътибор бериб келган. Тарихий ёдгорлигимиз “Авесто” да ҳам оила мустаҳкамлиги, эрки, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, ота-онанинг оиладаги мавқеи ҳақида сўз юритилган бўлиб, Зардўшт оила қураётган ёшларга мурожаат этиб шундай дейди, “Эй оила қураётган йигит-қизлар, сизларни огоҳлантириб шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз покиза ҳаёт йўлида ҳаракат – ғайрат қилингиз. Ҳар бирингиз яхши хулқ ва яхши амал билан ўз ва оилангиз ҳаётининг мустаҳкам, хуррам ва саодатли ўтишга эришинг”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган. Демак, оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро жамият асоси – оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Оила–жамият ҳимоясидадир. Биз қураётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида оила ўзига хос ижтимоий бирлашмани ташкил этади. Оиланинг бу хусусияти унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлиги ҳамда ижтимоий вазифаларида ифодаланади. Мамлакатимизда ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлигини, фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашга қаратилган дастурий мақсадларга асосланиб иш олиб борилмоқда. Оила кодекси ҳамда 100 дан зиёд қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларда оила манфаати, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш устивор вазифа деб эътироф этилган ва 2016 йил “Соғлом она ва бола“ йили Давлат дастурида ҳам атрофлича белгилаб берилган.

Муҳтарам Президентимиз бу борадаги бирламчи вазифалар ҳақида гапириб, “Энг муҳим вазифа –халқчил, адолатпарвар жамиятни вужудга келтириш. Бу жамият пойдеворини, энг аввало, бой ва бадавлат, меҳнат қадрини биладиган, маънавий соғлом ва маданий савияси баланд минглаб ва миллионлаб оилалар ташкил этади” деб таъкидлаган. Юртимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини барқарорлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Оилага мунтазам равишда ғамхўрлик қилиш, унга ҳар тарафлама моддий ва маънавий кўмак бериш инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Оила масаласи, қадриятлари барча тинчликсевар ва адолатпарвар инсонларнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) 1993 йил 20 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишида барча халқларни 1994 йилдан бошлаб 15 май кунини Халқаро оила куни сифатида нишонлашга чақирганида ҳам катта маъно бор. Сабаби, БМТ 1994 йилни Халқаро оила йили деб эълон қилган эди.

Мустақил мамлакатимизда эса 1998 йил “Оила йили” деб аталиб, махсус дастур доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Шулардан бири Оила илмий амалий марказининг ташкил этилганлигидир. Бундан кўзланган асосий мақсад оилани давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила қуриш фақат шахсий масала эмаслиги, балки ижтимоий аҳамият касб этишини кенг жамоатчиликка тушунтириб бориш ва оиланинг мустаҳкамлигини таъминлашдан иборатдир. Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатдан кўзланган мақсад ҳам оилани, она ва болани, кексалар ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, жамоатчилик кўмагида бу борадаги қонунларга риоя этилишига эришишдир.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайди. Оила ҳар бир инсоннинг руҳиятида ўлмас азалий қадриятлар ва авлодларнинг бой маънавий меросини сақлаш руҳида тарбиялайди. Оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига сингдириш ҳамда оила аъзоларининг ҳуқуқий–маданий саводхонлигини ошириш орқали оилаларни мустаҳкамлаш, кундалик турмушимизда вужудга келаётган оилавий–мулкий ва бошқа низоларнинг камайишига эришиш бугунги куннинг муҳим масаласи ҳисобланади. Ҳар йили 15-май Халқаро оила кунида биргина Нишон туманида олиб қараганимизда ушбу кун арафасида турли миллат ва элат вакилларидан иборат ибратли оила вакиллари ёш оилалар билан юзма - юз ўтириб давра суҳбатлари ўтказилади. Бундан ёш оила вакиллари ўзларига ҳаётий сабоқ оладилар. Бу ўгитлар уларга сабоқ бўлиб, ёш оилаларнинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, муқаддас даргоҳ ҳисобланган оиланинг мустаҳкамлигини, халқимиз, Ватанимиз келажаги бўлган соғлом авлодни қўллаб-қуватлаш ҳаммамизнинг ҳам асосий мақсадимиздир.

Мухтасар қилиб айтганда, оилаларимизда соғлом муҳит ҳукмрон бўлса, фарзандларимиз баркамол бўлиб вояга етади. Оилалари мустаҳкам, фарзандлари соғлом юрт ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмайди ва ҳеч қачон завол топмайди.

Д.Шамсиева, Нишон туман ФҲДЁ бўлими мудираси  


Рўйҳатга қайтиш