Тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш соҳасидаги яратиб берилаётган имкониятлар

Дата: 16.12.2016    

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ва уларга ўз фаолиятларини эркин давом эттириш учун зарур шароитни яратиш бугунги кунда энг асосий масасалардан бири десак адашмаган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 15 май куни “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “Ягона дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилиши назарда тутилди.

Унга кўра, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларининг ҳозирда 16 турини фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши белгиланиб, уларнинг рўйхати тасдиқланди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектларини газ, электр, сув, телефон тармоқларига улаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, бинонининг ташқи кўринишини ўзгартириш ва реконструкция қилиш, ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсатномалар бериш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқа хизматлар кўрсатилади.

Айтиб ўтишимиз керекки, марказлар иш фаолиятини бошлаганидан кейин, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ушбу Рўйхатига киритилган давлат хизматларини кўрсатиш учун бевосита тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилиш тақиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ушбу талабни сўзсиз бажарилиши назорати вазифаси юклатилди.

Ҳозирда марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларига 16 та турдаги давлат хизматлари сифатли равишда кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, 2016 йилнинг 11 ойида вилоят миқёсида марказлар томонидан жами бўлиб, 6950 тадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Бунда, тадбиркорлик субъектларини газ, электр ва телекоммуникация тармоғига тугалланган ҳолда улаш, шунингдек турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича гувоҳномаларни расмийлаштиришлар шулар жумласидандир.

Юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида мунтазам ишлар амалга ошириб борилмоқда.

Шу ўринда, мазкур соҳада янги имкониятлар ва шароитлар яратган ҳамда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари учун жуда муҳим бўлган яна бир ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга асосан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинликлар бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ҳамда давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Энг эътиборлиси шундаки, 2017 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолати бўйича берган мурожаатлари асосида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига кўра ўтказиладиган текширувлардан ташқари, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгиланди.

Барчамизга маълумки, иқтисодиётда ишлаб чиқаришни кўпайтириш, энг асосийси чет эл сармояларининг иштирокида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, улар учун қулай инвестицион муҳит яратиш асосий вазифаларимиздан биридир.

Шунга кўра, мазкур Фармондан келиб чиқиб, давлат органларига, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга бир қатор вазифалар яьни,

ўз фаолиятида белгиланган талабларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, шу муносабат билан ўз вазифаларини ва ваколатларини танқидий қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди.

Ушбу норма давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш мажбуриятини юклабгина қолмасдан, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлашни ҳам юклайди.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик соҳасида бу каби яратиб берилаётган имкониятлар албатта уларнинг ишчанлик қобилияти қолаверса ўз фаолиятларини бундан ҳам кенгайтириш имконини бериб, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада гуллаб яшнашига хизмат қилади.

М.Эшназаров, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси масъул ҳодими