Никоҳ ва оила муносабатлари

Дата: 13.12.2016    

Ҳалқимиз қадимдан оилани муқаддас билган ва унинг шаъни, қадр қимматини эъзозлашга катта масъулият билан қараган. Чунки инсон оила бағрида ўсиб, улғаяди, вояга етади. Халқимиз қуш уясида кўрганини қилади, деб бежиз айтмаган. Чунки бола қалбида барча яхши фазилатлар, ғоя ва эзгуликлар оила муҳитида шаклланади.

Истиқлол йилларида жамиятнинг етакчи бўғини бўлган никоҳ ва оила муносабатлари, оила тинчлигини ва тотувлигини янада мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг вазифаси эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бош Қомусимизнинг 63-моддасида Оила жамиятнинг асосий буғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги ва никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгиланган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Асосий қонунимизда оилавий муносабатларга алоҳида боб бағишланган ва оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилган.

Уларда оила, оналик ва болалик жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши кафолатланганлиги, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар эса ўз ота– оналари ҳақида ғамҳўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланганлиги – мамлакатимизда оила қонунчилиги халқимизнингг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилганлигидан далолатдир.

Мамлакатимизнинг биринчи Президентининг “Юксак маънавият –енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз оила ва никоҳ муносабатларининг ўрни беқиёсдир.

Оилада шахслараро муносабатлар маданиятининг шаклланганлиги оила аъзоларининг жамиятда ўз ўрнини ва қадрини топишга, қобилиятларини рўёбга чиқаришга имкон яратади.

Агар оилада муносабатлар етарли даражада шаклланмаган бўлса, унда турли муаммо ва низолар келиб чиқади, оилада тотувликка дарз етади. Энг ачинарлиси бундай салбий ҳолатлар фарзандлар камолотига нохуш таъсир кўрсатади. Буюк мутафаккир Бедил таъкидлаганидек, агар меъмор дастлабки эшикни тўғри қўймаса, девор юлдузларга етса ҳам қийшиқ бўлиб қолаверади.

Оиланинг ана шундай муҳим ва серқирра хусусиятлари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йил 2 сентябрида бўлиб ўтган ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб, ҳар йили 15 май кунини – “Халқаро оила куни” сифатида нишонлашга қарор қилишади. Оила – инсон камоли учун – тарбия мактабидир. Ўзбек қизлари ҳаё, ибо, садоқат илмини, қайнона-қайнотага ҳурмат-иззатни, йигитлар эса мардликни қаердан ўрганадилар. Албатта оиладан!

Хонадондаги ижтимоий-маиший шароитнинг қониқарли эканлиги, оиладаги маънавий муҳитнинг шаффофлиги, авлодлар орасидаги меҳр-оқибат, оила аъзоларининг жисмоний соғломлиги, меҳнатсеварлик оиланинг фаровонлигини, никоҳ ва оила муносабатларининг мустаҳкамлигини белгилайди.

Афсуски, оила олдидаги масъулиятни унутиб, арзимаган сабаблар билан ажрим остонасига келиб қолган оилалар ҳам учраб туради. Ўзаро муносабатлардаги ноаҳиллик оқибатида оила қўрғонини вайрон этаётган, қайнона-қайнотанинг иззатини ўрнига қўйиш ўрнига уларга беписандлик билан қараётган, биргина узр билан оила муҳитини тиклаш ўрнига, бир неча йиллик оиласи бағридан осонгина воз кечиб кетаётганлар, болаларнинг қувончларини ўзларининг “синмас ғурури”га алмашаётган ота-оналар ҳам учраб туриши ташвишли ҳолдир.

Дарҳақиқат, жамиятимизда оила, фарзанд деб аталмиш муқаддас тушунчалар халқимиз ҳаётида муҳим қадриятларга айланган.

Мустақиллик йилларининг илк кунлариданоқ оила, она ва бола саломатлиги, баркамол авлодни таълим-тарбиясига асосий эътибор қаратилиб, бу борада ҳозирги кунгача қатор ислоҳотлар амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2003 йил25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳакида"и Низомида кўрсатилишича миллатидан катъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган ҳар бир шахс никоҳ шартларидан бири бўлган тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурийдир. Никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари учун давлат бюджетидан маблаг ажратилган бўлиб, ушбу кўриклар мутлақо бепул амалга оширилади. Баъзи ҳолларда тиббий кўрикларга бефарклик, соҳта маълумотнома тўлдириб келиш каби ҳолатлар соғлом оила мухити учун катта зарар етказишини ёшларимиз онгига сингдириб боришимиз зарур. Ўзбекистон Республикаси "Оила кодекси"нинг II-бўлим III-боб, 17-моддаси "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш"да кўрсатилишича инсоннинг соглигининг бугунги куни ва келажак авлоднинг баркамоллиги жамиятимизнинг энг катта бойлигидир. Фуқароларнинг соғлигини сақлаш ва уни мустаҳамлаш вазифасини давлат ўз зиммасига олади.

Консультация ва текшириш ўтказишдан максад, тиббий ирсий касалликлардан келажак авлодни асраш, шунингдек эр-хотинларни олдиндан огоҳлантириб, улар касалланишининг олдини олишдир. Демак саломатлиги, келажаги ҳақида давлатимиз қайғураётган бир вақтда, нега ёшларимиз, баъзан эса ёши. катта. ватандошларимиз ҳам бефарқ қарашмоқда. Иш жараёнида шундай ҳолатларга ҳам дуч келамиз, никоҳланаётган фуқаролар (ёшидан қатьий назар) "сохта" тиббий кўрик хулосаларини олиб келишади ва улар нафақат ўзидаги жиддий касалликларни яширишади, балки ўзларидаги бошқа касалликларни ҳам аниқлай олишмайди. Бу билан ҳам ўзларига, ҳам жамиятга катта зарар етказишаёттанини англашмайди,. "Оила кодексига шарҳлар"ида кўрсатилганидек, текширув ўтказилганидан сўнг уларнинг ҳар бирига ташхис қўйиш уларнинг қандай касали борлиги ҳақида ва у дарднинг олдини олиш, даволаш тўғрисида маълумот беради. Бундай маълумот фуқарога унинг эркига асосан берилади. Касалликнинг ривожланиши кўнгилсиз бўладиган бўлса, бу маълумот олдиндан жуда эхтиёткорлик билан билдирилади.

Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган"Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўгрисида"ги Қарори соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш, никоҳ ва оила муносабатларини мустаҳкамлаш, эрта турмушни олдини олиш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

"Оила кодекси"нинг 17-моддасида "Никоҳланувчи шахслардан бири тери-таносил касаллиги ёки одам иммунитети танқислиги вируси (ОИТС инфексияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, шу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни талаб килиб судга мурожаат этишга ҳақлидир" дейилган.

Ёшлар ўртасида эрта никоҳ, тиббий кўриксиз, шаръий никоҳлардан ўтишнинг олдини олиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида аҳоли ўртасида турли тадбирлар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқдаки, нафақат ёшлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам сиёсий
ва маънавий савиясини оширишга эришилмоқда.

Давлатимизнинг биринчи раҳбари Ислом Каримовнинг мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйичабир қатор таклифлари бугунги кунда никоҳ ва оила муносабатларни тартибга солишда дастуруламал бўлмоқда.

Жумладан, никоҳ ва оила муносабатлари соҳасида ва оила институтини ривожлантиришда янгитдан қабул қилинадиган қонун, қоида ва нормаларда бугунги ва эртанги кунимизнинг талабларини акс эттириш, амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, бу масалага жамиятимизнинг эътиборини янада кучайтириш. Шунингдек, энди пайдо бўлган, катта умид билан ҳаётга қадам қўяётганёш оиланимоддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак, имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, аввало, уй-жой билан таъминлаш, буларнинг барчаси учун нафақат ота-оналар, биринчи навбатда давлат ва жамиятимиз масъуллиги белгиланмоқда.

Оиладаги моддий, маънавий, тарбиявий муаммоларни ечиш ва барча-барча ташвишларини осонлаштиришда, ҳамда никоҳ ва оила муносабатларда, авваламбор,ҳар қайси оиланинг юкини ҳеч нолимасдан, ҳаётга шукрона қилиб, ўз елкасида кўтариб келаётган, оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотининг, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш муҳимдир. Бизнинг миллий табиатимиз, урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оиланинг роли ҳамда аҳамиятини ошириш даркор.

Шу борада ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук, ўз мустақил фикрига эга, оқни қорадан ажратишга, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг соғлиғини асраш, ҳаётга йўллашда оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

З.Ғозиев, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими