Конституция мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий пойдевори

Дата: 12.12.2016    

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциясининг 24 йиллигига

Демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қайси давлат олдида, авваломбор, ҳар жиҳатдан инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини, жамият ҳаётида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини юксалтириш, Конституция ва қонунлар асосида яшашни шакллантиришдек катта вазифа туради

Шу маънода, халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон ҳам миллий тарихий тараққиёт, ўзига хос ҳуқуқий анъана ва қадриятларга ҳамда чет давлатларнинг бой тажрибасига таянган ҳолда ўз Конституцияси ва ҳуқуқий тизимини яратди.

Асосий қомусимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги қоидаси, инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқлари, одил судлов тамойиллари, судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши ва бошқа бир қатор нормалар ўз аксини топган.

Энг муҳими, мамлакатимизда биринчи президентимиз бошчилигида мустақил демократик тараққиётнинг дастлабки йиллариданоқ инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ этиш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва бу борада миллий манфаатдан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимизнинг Асосий қонуни ва халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларига оид умуминсоний принципларни рўёбга чиқариш йўлида дадил қадам ташлаётган давлат, халқаро ҳамжамият сафидан муносиб жой эгаллади.

Шунингдек, миллий қонунчиликнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар асосида такомиллаштирилиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат механизмларининг яратилиши ва уларнинг самарали фаолият кўрсатиши Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ҳаракатланиб бораётганлигидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз эркин, фуқаролик жамиятини қуриш йўлида дадил одимлар экан, бу йўлда қонунга итоаткорлик асосий мезон ҳисобланади. Конституциямиз ва қонунларимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юксак масъулиятли вазифага айланиб бормоқда.

Р.Пардаева, Яккабоғ туман ФҲДЁ бўлими мудираси