Фаровон ҳаёт кафолати

Дата: 07.12.2016    

Асосий Қомусимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги қоидаси, инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқу­қ­лари, одил судлов тамойиллари, судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши, айбсизлик пре­зумпция­си каби қатор нормалар ўз аксини топган.

Айниқса, фуқароларнинг дахл­сиз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, бу борада одил судловнинг амалда мустақиллигини таъминлаш, жамия­тимизда том маънода суд назорати институтини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилган кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ушбу йўналишда қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, балки инсон манфаати учун”, деган ҳаётий ҳақиқатнинг амалий ифодаси бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, 25 йиллик мустақил тараққиёт давомида мамлакатимизда ҳар қайси соҳада, айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича ўрнак олса арзигулик ўзига хос ил­ғор ва инсонпарвар “миллий конс­титуциявий қонунчилик тизими”ни яратишга муваффақ бўлинди.

Бугун Конституциямиздан бошлаб жорий қонунларгача, хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ у сиёсий соҳа бўладими, барча-барчаси хал­қаро ҳуқу­қнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари асосида қабул қилинганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган 60 дан ортиқ халқаро ҳужжат ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита асосий халқаро шартномаси иштирокчиси ҳисобланади. Улар орасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция ва “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенцияни алоҳида тилга олиб ўтиш лозим.

Бошқача айтганда, инсон ҳуқуқлари соҳасида “миллий қонунчилик тизими”нинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ушбу йўналишдаги Ўзбекистон амалиёти ва тажрибасини қуйидагиларда кўриш мумкин:

биринчидан, Ўзбекистон Республикасида халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзига хос модели яратилди;

иккинчидан, Ўзбекистонда инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши ва инсон ҳуқуқларига оид хал­қаро стандартларнинг бажарилишини мониторинг қилишнинг миллий тизими шаклланган бўлиб, у парламент мониторинги, ижро этувчи органлар мониторинги, суд мониторинги ва жамоатчилик мониторинги шаклларида амалга оширилади;

учинчидан, халқаро ташкилотларнинг тавсиясига биноан Ўзбекистонда Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ каби миллий институтлар фаолият кўрсатмоқда;

тўртинчидан, вазирликлар ва идораларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилишга оид фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура тизимида минтақавий таркибий бўлинмалари бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича махсус бош­қармалар ташкил этилган;

бешинчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тизими шаклланган бўлиб, у мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларни ҳамда ўрта махсус ва олий ўқув юртлари талабаларини, тегишли институтлар, марказлар, малака ошириш курсларини қамраб олади.

Ва ниҳоят, олтинчидан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини бир хилда таъминлаш муаммоси нафақат давлат, балки бутун жамият эътиборида ҳам бўлади. Бу борада фуқаролик жа­мия­ти институтлари амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқларини мониторинг қилишда, ахборот-маърифий фаолиятда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хал­қаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича даврий миллий маърузаларни тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.

Умуман айтганда, жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида, шу жумладан, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, уни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмини янада демократлаштириш соҳасида амалга оширилган эзгу ишлар ҳамда бу борада қўлга киритилаётган ютуқларнинг барчаси бундан 24 йил аввал қабул қилинган миллий тараққиёт йўлимизнинг асоси — Бош Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётийлиги, унинг узоқни кўзлаб, пухта ишлаб чиқилганлигининг яққол амалий натижасидир дейиш мумкин.

Ў.Остонов, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси  бошлиғи биринчи ўринбосари