Суянчимиз, таянчимиз ҳуқуқий ҳимоячимиздир

Дата: 23.11.2016    

8 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни

Демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир жамият олдида, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар қалбида Конституция ва қонунлар асосида яшаш дунёқарашини шакллантиришдек катта вазифа туради. Бош қомусимиз қабул қилинган кундан буён ўтган давр ичида Конституцияда белгиланган устувор иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқий ғоялар жамиятимиз ҳаётида бос­қичма-босқич ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган бундай ўзгаришлар, хоҳ у иқтисодий, хоҳ у сиёсий йўналишда бўлсин, уларнинг барчаси ягона мақсад — ҳар томонлама ривожланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга, тараққиётнинг “Ўзбек модели” ҳуқуқий пойдеворининг изчиллиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан диққатга сазовордир. Бу эса, бир томондан, Асосий Қонунимиз бугунги ва эртанги тараққиёт йўлимизга бош ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлигини кўрсатса, бош­қа томондан, Конституциямизнинг яшовчанлиги, тараққиёт билан узвийлиги, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари билан ҳамоҳанглигидан, унинг халқчил қомус эканлигидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўтган 24 йил давомида миллий давлатчилик тарихимиз ва жаҳон конституцияшунослик назарияси ҳамда амалиётининг илғор демократик сиёсий-ҳуқуқий ғоялари ва тажрибасига эга “Ўзбек конституцияшунослик мактаби”ни яратдик.

Дарҳақиқат, Конституция жамият ва давлат, қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар қайси оила ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ваҳоланки, ҳеч бир давлатда, ҳеч қайси фуқаро ўз ҳаётини, кундалик турмуш тарзини ва келажагини Конституция ва қонунларсиз тасаввур этолмайди. Ўз навбатида, Конституция ва қонунлар устуворлигига эришиш эса кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий фаоллиги билан бевосита боғлиқдир. Қисқа давр ичида юртимизда ёшларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий илм сир-асрорларини чуқур эгаллашлари, етук касб-ҳунар эгаси, бир сўз билан айтганда, порлоқ келажакнинг муносиб ворислари бўлишлари учун амалга оширилган ишлар, яратилган имкониятлар муҳим ўринга эга.

Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг ҳақиқий ўтмиши ва бугуни, бетакрор маданияти, айниқса, унинг истеъдодли фарзандлари дунё кўз ўнгида намоён бўлган бўлса, Бош қомусимиз ана шу қобилият ва иқтидорни рўёбга чиқаришни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади. Хусусан, Асосий Қонунимизда ҳар бир фуқарога билим олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқининг кафолатланганлиги ҳамда уни амалга оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги бу борада муҳим қадам бўлди. Шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос миллий таълим тизими ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич жорий этилди.

Айниқса, узоқ муддатга мўлжалланган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурида белгиланган принципиал вазифаларнинг ижтимоий ҳаётимизда ўзининг изчил амалий ифодасини топаётганлиги таълим-тарбия соҳасида ўзига хос бурилиш ясади, десак, муболаға бўлмайди.

Бунинг самараси ўлароқ, замонавий билимга эга, янгича фикрлайдиган, ўз келажагини жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш билан мамлакатимизнинг ёруғ истиқболини жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви билан боғлиқ ҳолда кўрадиган, илм-фан ёки спорт соҳасида бўладими, барча-барчасида юксак марраларни забт этаётган янги авлод вакиллари камол топмоқда.

Ёки бўлмаса, мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этиши, шунингдек, ўтган йиллар мобайнида қарийб 9,5 минг ёки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг деярли барчаси қайта реконструкция қилиниб, замонавий ўқув лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланганлиги ҳамда 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилганлиги ўз-ўзидан мазкур соҳага қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг, Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди, деган норманинг яққол амалий тасдиғи эмасми?

Бундан ташқари, илғор таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида юртимизда Халқаро Вестминстер университети, Жанубий Кореянинг Инха университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети каби юксак халқаро обрў-эътибор ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган Европа ва Осиёнинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги жамиятимизда ёшларга, уларнинг ҳаётига, тақдирига, орзу-интилишларига бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигидан, бу борада эса ўтган давр мобайнида ўзига хос ҳуқуқий тараққиётга эришилганлигидан далолат беради.

Бироқ, энг муҳими, ана шундай имконият ва орзуларимиз, авваламбор, истиқлол шарофати, ишончли ҳимоячимиз Конституциямиз туфайли амалга ошаётганлигини барчамиз ҳам бирдек ҳис қилаяпмизми? Баъзан эса замонавий коллеж ва мактабларда, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил ола туриб, талабаликнинг, ана шундай шарт-шароитнинг ҳуқуқий кафолати бўлмиш Конституцияни, ҳатто бир маротаба ўқиб чиқишга ҳам ўзимизда куч топа олмаймиз. Ваҳоланки, ҳар бир ўзбек хонадони кутубхонасидан, албатта, Мустақиллик декларацияси ва Конституциянинг жой олиши юксак ҳуқуқий маданият ва Бош қомусга бўлган ҳурматнинг рамзий белгиси ҳам демакдир.

Шу маънода, Конституцияни ўрганиш, унга суяниш, таъбир жоиз бўлса, унинг руҳи ва ғоялари асосида яшашни одатга айлантириш нафақат ҳуқуқимиз, балки юксак фуқаролик бурчимиз ҳамдир. Демак, Конституция ва қонунлар асосида яшаш дунёқарашини шакллантириш барчамиз учун бирдек интилишга, ана шу устувор ғоя кучи билан яшаш, ўқиш ва меҳнат қилиш ҳар биримизнинг ҳаётимиз мезони ва мазмунига айланиши даркор.

Ф.Ҳайитов, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими