Қонун устуворлигини таъминлаш – олий қадрият

Дата: 14.11.2016    

Давлатимиз биринчи раҳбари Ислом Каримов “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг иккинчи устувор йўналиши – суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ҳақида тўхталиб, “демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир.

Маълумки, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қайси давлат олдида, авваломбор, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини, жамият ҳаётида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини юксалтириш, улар қалбида Конституция ва қонунлар асосида яшаш дунёқарашини шакллантиришдек катта вазифа туради. Ҳолбуки, инсон ҳуқуқлари - бу тарихан ва бугунги кун нуқтаи-назаридан қараганда ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидандир. Инсон ҳуқуқлари – демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи бош мезондир.

Шу маънода, мамлакатимизда ҳам мустақил демократик тараққиётнинг дастлабки йиллариданоқ инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш тамойилига таянилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич либераллаштириш, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилиб, қуйидаги асосий йўналишлар белгилаб олинди:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини вужудга келтириш;

иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари асосида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;

учинчидан, қабул қилинган қонунларга оғишмай амал қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш;

тўртинчидан, одил судлов ислоҳотини амалга ошириш йўли билан бутун суд тизимини демократлаштириш;

бешинчидан, аҳоли, айниқса, ёшлар ва мансабдор шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарбия ишларини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш.

Шу нуқтаи-назардан, ўтган давр мобайнида жамиятимизда ўзига хос демократик турмуш-тарзини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилиши ва бошқарув тизимини янгилаш ҳамда модернизация қилиш борасида кенг қамровли стратегик аҳамиятга эга туб ислоҳотлар амалга оширилди. Фуқароларнинг дахлсиз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, бу борада одил судловнинг амалда мустақиллигини таъминлаш, жамиятимизда том маънода суд назорати институтини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилган кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ушбу йўналишда қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, балки инсон манфаати учундир” деган ҳаётий ҳақиқатнинг амалий ифодасидир.

Таъкидлашимиз жоизки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Қайд этиб ўтилган Фармон инсон ҳуқуқларини ишончли ва кафолатли ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, қуйидаги асосий устувор йўналишларни белгилаб берди:

биринчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;

иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;

учинчидан, одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборатдир.

Ушбу Фармон билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилаб олинди

Давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш;

фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш;

фаолиятни иш якунларининг комплекс таҳлили асосида режалаштириш ва ташкил этиш, бунда эътиборни аввало ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратиш;

ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш, одоб-ахлоқ қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш;

юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш белгиланган.

Ф.Ҳайитов,  Қашқадарё вилоят Кадрлар  бўлими бош маслаҳатчиси