Конституция - бош қомусимиз

Дата: 14.11.2016    

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

қабул қилинганлигининг 24 йиллиги олдидан

Конституция сўзи турли даврларда, турли маъноларда қўлланилган бўлса-да, бугунги кунда у олий юридик кучга эга бўлган, амалдаги қонун ва меёрий хужжатлар пойдеворини, тагзаминини ташкил этадиган, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъий назорат қилинадиган Асосий қонунни англатади.

Конституция ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Унда жамиятнинг ижтимоий сиёсий хусусиятлари, тараққиётининг бош мезонлари, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган бўлади.

Конституциянинг муайян мамлакат ижтимоий тараққиётининг ҳуқуқий замини, мезони эканлиги унинг функцияларида яққол намоён бўлади. Конституциянинг энг асосий функцияларидан бири давлатчилик ривожланишидаги ворисликни таъминлашдир. Бу боради шуни айтиш лозимки, конституциямизда мустаҳкамланган оилага бўлган эътибор ёки ота-онага бўлган муносабат хусусидаги қоидаларни оладиган бўлсак ҳам -бу халқимизнинг онгида неча асрлардан буён шаклланган урф-одатларимизнинг бир бўлагига айланган умумэътироф этилган одатларимизнинг Конституциямизда ўз ифодасини топганлигининг бир намунасидар.

Конституциянинг сиёсий функциясини оладиган бўлсак, у жамиятнинг ижтимоий тузумини тартибга солиш билан бирга сиёсий ҳаёт ҳамда ҳокимият учун курашнинг муайян ҳуқуқий доирасини белгилаб беришда ифодаланади. Ташкилий функциянинг моҳияти давлатнинг конституцион тузилишини ташкил этиш ва унинг фаолиятига доир асосий мезонларни тартибга солишдан иборат.

Конституцияда жамият тараққиётига туртки берувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Бу унинг амалий функциясини намоён қилади.

Конституция асосий қонун сифатида муайян давлатнинг ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, ҳуқуқий тизим фаолиятининг устувор тамойилларини белгилайди ва бу унинг яна бир- юридик функциясида яққол намоён бўлади.

Ўзбекистонимизнинг Конституциясида юртдошларимизнинг келажак авлодларга озод ва обод ватан қолдириш, уларнинг бахту камолини кўришдек орзу-ҳаваслари ўз ифодасини топганлиги билан бирга, давлатимиз биринчи раҳбари таъкидлаганларидек, унда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – Инсон деган фикр иллгари сурилган ва шу асосда фуқаро- жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечими белгилаб берилган асосий қонунимизда давлатимизнинг, жамиятимизнинг ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари бир-бирига уйғунлаштирилган ва мувофиқлаштирилган.

Асосий қонунимизда демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятининг қиёфаси, ўзига хос белги ва хусусиятлари шакли ва шамойиллари ўз ифодасини топган.

Улуғ аждодларимизнинг асрий армонлари, эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек энг эзгу тилаклари ва улуғ орзуларини ўзида мужассам этган Давлатимиз Конституцияси барча қабул қилинадиган қонунлар ва меъёрий хужжатлар учун мустаҳкам асос ва дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямизда бешта асосий тамойил мустаҳкам белгилаб қўйилган. Булар демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойилларидир. Бу тамойиллар фуқароларнинг ўз хоҳиш – иродасини эркин билдириши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти органларининг сайловлар асосида шакллантирилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши каби шаклларда намоён бўлади.

Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлатдан устунлиги эътироф этилган, шунингдек, унда инсон қадри, шахс эркинлиги ва ҳаётини таъминловчи табиий имкониятларни юзага чиқишига алоҳида аҳамият берилган.

Конституциямизда шахснинг ёши, миллати, ирқи, ижтимоий аҳволи билан боғлиқ ҳеч қандай чеклашлар йўқ. Масалан, бошқа мамлакатларнинг фуқароликка эга бўлиш тўғрисидаги қонунчилигида кузатишимиз мумкин бўлган тил билиш ва ўтроқлик негизлари борасида ҳам чеклашлар йўқ, бундан қатъйи назар, тенг фуқаролик ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Бош Қомусимизда инсоннинг кундалик ҳаётдаги энг муҳим эҳтиёжларини таъминловчи имкониятлар яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, суд жараёнида шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ҳуқуқи, фикрлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги, виждон эркинликлари қоида йўли билан кафолатланган.

Умуман, конституциямизда кўп йиллик миллий давлатчилигимиз анъаналари инобатга олиниши билан барча, жаҳон конституцияларининг тажрибаларидан ҳам кенг фойдаланилган. Шу йўл билан унинг энг инсонпарвар, демократик ва адолатли Қонун бўлишига эришилган.

Зеро, унда тарихийлик замонавийлик билан уйғунлашиб, жаҳоннинг ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва ҳуқуқий тафаккури соҳасида эришилган барча ютуқлар мужассамлашган.

Ш.Тожиев, Чироқчи туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудири