Конституция инсон ҳуқуқлари кафолати

Дата: 14.11.2016    

(Мустақиллик Қомуси сари ҳуқуқий қадамлар)

Тобора яқинлашиб келаётган Бош қомусимиз Конституциямизнинг 24 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз.

Мустақиллик йилларида биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда эркин ва демократик жамият барпо этиш, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгиланди. Конституциямизда ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланди ва уни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Аввалом бор, Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради. Шунингдек, “Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум. Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.

Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлати ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.

Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.

Ўзбекистон Конституциясининг лойиҳасини қабул қилишдаКонституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди.Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциявий комиссия хорижий конституциявий тажрибага мурожаат қилиб, Асосий Қонуннинг ролини яхлит тушунишдан келиб чиқди.

Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди шунингдек, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасини аниқлаш ҳамда жуда бой материал тўплаш имконини берди. Ушбу материал чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқилди, умумлаштирилди ва халқнинг умумий иродаси шаклида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессияси муҳокамасига киритилди.

Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди.

Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий қадриятларимиз, инсон манфаатларини кузлаб ҳар томонлама мукаммал ишлаб чиқарилган.

Ш.Шовкатов, Китоб туман ДНИ нотариуси