Ватан ичра ватан

Дата: 13.10.2016    

Мустақиллик йилларида эришган улкан ютуқларимиздан бири мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги. Унинг сарҳадлари даҳлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стретегик вазифаларини самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армиянинг ташкил этилгани бўлди. Бугун таъкидлаш мумкин-ки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчидир. Ўзбекистон армиясининг кучи, қудрати, аввало, унинг сафларида хизмат қилаётган ўғлонларнинг юксак маънавий фазилати, мустаҳкам иродаси, Ватан тақдири учун улкан маъсулияти, фаол ҳаётий дунё қарашидадир. Ватан ҳимоячилари билагидаги кучида ҳам қўлидаги қуролидан ҳам кўпроқ юрагида ўйғонган қудратли кучга ишонади, суянади.

Эътибор берсангиз дунёнинг турфа ҳудудларида турли нотинчликлар содир бўлмоқда. Террористик, этник тўқнашувлар нотинчлик, иқтисодий, ижтимоий инқирозларни юзага чиқармоқда. Ўзбекистонда эса тинчлик ҳукмрон. Бунинг ўз-ўзидан бўлмаётганлигини барчамиз дилдан ҳис этамиз. Ҳеч бир ўзбек ўғлони йўқ-ки ўзини Ватан тақдирига даҳлдор санамаса, ҳимояси учун ўз жонини бағишламаса.

Бугун ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни сафарбарликка жалб этиш каби ишлар ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунига асосан, 1989-1998 йилларда туғилган фуқароларни навбатдаги 2016 йилги чақирув олдидан ўтказиладиган тадбирлар ва махсус қўшин турларига танлов асосида саралаш ҳамда тиббий кўригини ташкил этиш борасида айниқса, изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари чиқарилиб ижрога тақдим этилган.

Жорий йилнинг 5 июлидан ўз фаолиятини бошлаган навбатдаги чақирувда бошқа сафаргилардан фарқли ўлароқ кўплаб жиҳатларга эътибор қаратилган. Хусусан, чақирилувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, хулқ-атворини ўрганиш, ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан суҳбатлар уюштириш каби жаҳатларга алоҳида урғу берилмоқда.

Тинчлик улуғ неъмат. Бугун бу неъматдан бебаҳра қанча одамлар бор дунёда. Юртимизда эса осойишталик. Мана шундай тинчликни сақлаш учун эса забардаст ўғлонлар керак. Ҳар томонлама камолга етган йигитларимизни пишиқ-пухта текширувдан ўтказиб, чегараларимиз даҳлсизлиги, юртимиз тинчлиги учун хизматга йўналтирамиз. Бундай шарафли бурчни адо этиш ҳар бир йигит учун фарз эканлигини ёшларимиз дилдан ҳис этаётганлари қувонарли, албатта.

Бугун ҳарбийларга хизмат учун, яшашлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Янги уй-жой, саломатлигини тиклаш учун имтиёз ва имкониятлар, бошқа қатор қулайликлар... Хуллас, бугун ўғлонлар Ватан сарҳадларида сергак экан, биз хотиржам уйғонамиз, хотиржам уйқуга ётамиз. Бунинг учун бугунги чақирув, бугунги ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этишини эса таъкидлашнинг хожати йўқ. Демак, ҳар бир йигит ўз елкасидаги маъсулиятни Ватан ҳимояси каби бурчни ҳис этган ҳолда бу вазифага киришса, тинчлигимизга ҳеч қачон путур етмайди.

Л.Саидова, Қашқадарё вилоят ФХДЁ архиви мудираси