Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ажралмас бўлаги

Дата: 13.10.2016    

Жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаси уларнинг ҳуқуқий замини ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг даражасига бевосита боғлиқдир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада ривожлантириш учун, ушбу йўналишдаги мавжуд қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 104-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мустаҳкамланган.

Таъкидлаш лозимки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, экологик экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.

Мазкур Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда ва бундай экспертизалар профессионал даражада ташкил этилганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифати сезиларли даражада яхшиланади, ҳуқуқий нормалар ўртасидаги номувофиқликларнинг олди олинади, норматив-ҳуқуқий кўрсатмаларни амалга оширишда салбий оқибатлар келиб чиқиши эҳтимолининг олди олинади.

Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, ўтган 2016 йилнинг 9 ойи давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 87 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган бўлиб, шундан 87 та қарор лойиҳалари ҳам ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Ҳуқуқий экспертизадан ўтган 87 та қарор лойиҳасидан 55 таси розилик имзоси билан қабул қилиш учун ҳокимликларга юборилган бўлса, қолган 20 таси эътирозлар билан қайтарилиб, шундан 12 таси қайта ишлаб чиқилгандан сўнг розилик имзоси билан қабул қилиш учун юборилган.

Ҳокимликларда ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижаларига кўра аниқланган ноқонуний қабул қилинган қарорларни бекор қилиш орқали, ижродан чақириб олиш ва қонунчиликка мувофиқлаштириш ҳақида адлия бошқарма томонидан туман ҳокимликларига киритилган тақдимномаларга асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 3 та қарорлари бекор қилинди.

Айрим ҳокимликлар томонидан қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга нисбатан бундай бефарқлик, ўз навбатида уларнинг қарорларида қонунга зид нормаларнинг мавжудлигига, коррупциянинг келиб чиқишига ёки бошқа тарздаги қонунбузарликларга йўл қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.

Д.Худойқулов Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси  шўъба мудири