Болалар – ғамхўрлик оғушида

Дата: 08.09.2016    

Инсоннинг 18 ёшгача кечирган умри болалик хисобланади. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси халқаро миқёсида эса “Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция” орқали кафолатланади.

Статистик маълумотларда қайд этилишича хозирда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 40 фоизини 18 ёшга етмаган шахслар ташкил қилади. Шу боис хам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатимиз олдида турган устувор вазифалардан бўлиб, юртимизда мазкур соҳага доир қонунчилик базаси мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси 1991 йилда “Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларацияси” га, 1992 йилда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги конвенция”га қўшилди. 2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги 2010 йил 30 сентябрда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб амалиётга тадбиқ этилганлиги фикримиз тасдиғидир.

Конституциямизнинг 41-моддасида “Хар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дея белгиланган бўлса 45-моддасида “Вояга етмаганлар меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” дея эътироф этилган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг “Оила” боби 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради” деб кафолатлаб қўйилган. 65-моддада эса “Фарзандлар ота-оналарнинг насл насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалаик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб таъкидланган.

“Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам Конституциямиз ғояларига ҳамоҳанг. Мазкур қонуннинг 8-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқи эканлиги бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши таъкидланган. Боланинг ҳуқуқлари эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси ота онасининг ўрнини босувчи шахслар қонунда назарда тутилган холларда эса васийлик ва ҳомийлик органи прокурор суд томонидан амалга оширилади. Албатта ҳар қандай қонуннинг кучи унинг ижроси ҳамда ишлаш меҳанизмининг самарадорлигига боғлиқдир. Хусусан бола ҳуқуқларини химоя қилиш ва давлат бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида”ги Қарори ҳам бундан мустасно эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 январдаги 13-сонли қарорига мувофиқ вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолияти ва функцияларини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Яна бир эьтиборли жиҳати мамлакатимизда болалар тарбияси ва ғамхўрлик масаласи билан давлат органларидан ташқари нодавлат ташкилотлари хусусан Хотин-қизлар қўмитаси “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамғармаси “Маҳалла” жамоатчилик фонди “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳам шуғулланмоқдалар. Ота-онаси тарбияси ва таъминотидан маҳрум бўлган болаларни кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Айниқса Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг таълим-тарбияси уларнинг турмуш шароитларини яхшилашда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда моддий тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам нодавлат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда. Бир сўз билан айтганда юртимизда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос миллий ҳуқуқий тизим шаклланган бўлиб мамлакатимиз мазкур йўлда дадил қадам ташлаётган давлатлардан бири ҳисобланади.

Н.Қодирова, Косон туман ФҲДЁ бўлими мудираси