Хорижий инвестиция: қулайлик ва имкониятлар

Мамалакатимиз иқтисодий тараққиётини барқарорлаштириш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш, миллий иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодий тизимига интеграллашувини таъминлаш долзарб масалалардан саналади.

Истиқлол йилларида республикамиз ҳукумати томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашга йўналтирилган алоҳида амаллар билан бир қаторда хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмокда.

Хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётимизга жалб этиш ва улар ёрдамида ташкил этиладиган корхоналарнинг фаолиятини йўлга қўйиш юқорида айтиб ўтилган долзарб вазифаларнинг ечимини излаш йўлида қилинадиган муҳим ишлар жумласига киради.

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсишини, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришни, миллий иқтисодиётимизни жахон хўжалиги тизимига итеграцияланашувини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторларга зарур кафолатларни яратиб беришга хизмат қилувчи муҳим лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, зарур норматив-ҳуқуқий базанинг яратилиши кутилган натижаларни бермокда.

Бугунги кунга келиб республикамизда хорижий сармоядорларнинг мамлакатимиз ҳудудларида фаолият юритишига доир зарур қонунчилик базаси яратилган. Жумладан, «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Инвестиция фаолияти тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида» ва бошқа шу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши фикримизнинг далолатидир.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 
10 апрель куни қабул қилинган “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4434-сонли Фармони фикримизнинг яққол исботидир.

Ушбу Фармонга кўра қиймати 50 миллион АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан соҳа ривожи йўлида бир қатор самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан 2012 йилнинг 1-чораги давомида вилоят Адлия бошқармаси томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатини кўзлаб жами 37 398 264 сўмлик 13 та даъво аризалари киритилди ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан 11 та тақдимнома, 6 та огоҳнома ва 2 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди.

Бир сўз билан айтилганда, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояланишига хизмат қилувчи механизмдан оқилона ва ўринли фойдаланишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун мамалакатимизда қулай шарт-шароитлар яратилганидан, давлатимиз томонидан бу соҳага жиддий эътибор берилаётганидан далолатдир.

Қашқадарё вилояти адлия

бошқармаси бош маслаҳатчиси 

 Низомиддин НОРМАМАТОВ