РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистонда монополистик фаолиятни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, рақобат муҳитини изчил ривожлантириш, табиий монополиялар корхоналари фаолиятини назорат қилишни кучайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, рақобат ва унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштириш шароитида асосий вазифадир.

Бозор муносабатларининг асоси сифатида рақобатни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда юрбошимиз бошчилигида улкан ишлар амалга оширилди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги “Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4191-сонли Фармони билан монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ишларига бугунги кун ривожланиш реаллигидан келиб чиққан ҳолда тизимга янги талаблар қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинди.

Айни пайтда, монополияга қарши ишларни тартибга солиш тизимини, рақобат муҳитини изчил ривожлантиришнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштирилиши, иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштириш талаблари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг назорат вазифаларини қисқартилиши, шунингдек изчил ривожланиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги муносабатлари монополияга қарши қонунчиликни янада такомиллаштириш заруриятини белгилаб берди. Зеро, сўнгги йилларда иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувининг кучайиши, бозорда турли молиявий, иқтисодий ҳамда мулкий муносабатларнинг янги шаклларининг ривожланиши натижасида бозор қўйган талабларни, яъни шаклланган муносабатларни тартиб солиш зарурияти юзага келмоқда. Бошқача айтганда, ҳозирда монополистик фаолиятни нафақат товар бозорларида, балки молия бозорларида, қимматли қоғозлар бозорида, биржа савдоларида ҳам чеклаш чораларини кўришни давлатимизнинг иқтисодий ривожланиш даражаси ҳам талаб этмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 
2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маьрузасида “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги Қонун бугунги кунда эскиргани ва замон талабларига жавоб бермай қолганлиги, шу билан бирга “Рақобат тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги илгари сурилди. Ушбу қонунда монополистик фаолиятни нафақат товарлар бозорида, балки молия бозорларида ҳам тартибга солишни назарда тутиш лозимлиги, шунингдек, биржа савдоларида ҳам монополияга қарши механизмларни, акцияларни сотиб олиш, қўшиш ва бирлаштириш битимларини тартибга солиш ва назорат қилиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича нормаларни ушбу қонунга киритиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Авваламбор, товар бозорларидаги муносабатларни молия хизматлари бозоридаги муносабатлардан фарқини аниқлаштириш лозим. Зеро, товар бозорларида сотиш ёки алмаштиришни мақсад қилувчи фаолият маҳсуллари бўлмиш маҳсулотлар, товарлар айланади. Молия хизматлари бозорида эса муносабатлар объекти бўлиб молия хизматлари намоён бўлади. Яъни, молия хизматлари пул маблағларини жалб этиш ва фойдаланиш билан боғлиқ фаолият ҳисобланиб, ушбу туркумга банк хизматлари, суғурта хизматлари, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар киришини таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, мазкур муносабатлар субъектлари бўйича ҳам фарқланади. Жумладан, товар бозорларида хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этса, молия бозорларида эса молия ташкилотлари иштирок этади. Бошқача айтганда, молия ташкилотлари товар бозорларидаги хўжалик юритувчи субъектлардан фарқли ўлароқ улар махсус ҳуқуқ лаёқатга эга бўлиб, фаолиятини лицензиялар асосида олиб борадилар. Хусусан, банклар, суғурта компаниялари, лизинг компаниялари, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари, молия ташкилотлари ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Пезидентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида илгари сурилган бир қатор қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришнинг зарурий шарти бўлиб ҳисобланади.

Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси

бош маслаҳатчиси 

 Низомиддин НОРМАМАТОВ